23 август куни Беларусь пойтахтидаги Мустақиллик майдони ва «Минск — Қаҳрамон шаҳар» меъморий мажмуасида бўлиб ўтган президент сайлови натижаларидан норози бўлганларнинг намойиши — «Янги Белоруссия марши» 100 мингга яқин иштирокчиларни жамлади. Бу ҳақда Беларуснинг TUT.by портали хабар берди.

Ғолиблар шоҳ кўчасидаги «Минск — Қаҳрамон шаҳар» меъморий мажмуаси яқинидаги майдон нафақат турникетлар, балки тиканли симлар билан ҳам ўралган эди, намойишлар бошланишидан бир соат олдин мамлакат мудофаа вазири Виктор Хренин агар тартиб бузиладиган бўлса, намойишчилар билан армия шуғулланишини айтиб ўтди.


Фото: TUT.by

Намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан ҳимоя қилинаётган тўсиқларга яқинлашиши билан, собиқ президентликка номзод Виктор Бабарико штаби аъзоси Мария Колесникова ва Светлана Тихановскаянинг ишончли ёрдамчиси Ольга Ковалькова провокацияларнинг олдини олиш учун барчани «Минск — Қаҳрамон шаҳар» меъморий мажмуасидан узоқлашишни сўрашди.

Мухолифатнинг Мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари йиғилганларга мурожаат билан чиқишди. Унда кенгаш аъзолари ўз нуқтаи назарлари ва позицияларини ифода этмаган Вакиллар палатасининг барча депутатларини чақириб олишини, шунингдек, президентнинг муддатларини чеклайдиган 1994 йилги конституцияни қайтариш бўйича республика референдумини ўтказиш режалаштирилаётганини билдиришди.


Фото: Дмитрий Брушко / TUT.by

Кечга яқин намойишчиларнинг бир қисми тарқалиб кетди, қолганлари эса Давлат байроғи майдонига ҳаракатландилар. Мустақиллик саройи (президент қароргоҳи) олдида хавфсизлик кучлари ва ҳарбий техника уларнинг йўлини тўсиб қўйди. Намойишчилар кордонга тахминан 50 метр масофага яқинлашиши билан, оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, ўша пайтдаги вазият таранглашган, аммо улар ўртасига туриб олган мусиқачилар «Тры чарапахi» қўшиғини ижро этишганидан кейин юмшаган ва шундан сўнг, намойишчилар «Минск — Қаҳрамон шаҳар» меъморий мажмуасига қайтишди.

Шу ўринда, президент матбуот котиби Наталья Эйсмонт ҳолатни қуйидагича тасвирлаб берди: «Ушбу намойишчилар ўзича бинога қандайдир ҳужум уюштиришди деса ҳам бўлади».

Кейин саройга вертолёт учиб келди, ундан Александр Лукашенко ва унинг кенжа ўғли Николай бронежилет ва қўлида автомат (АК-74У) билан тушишди. Маълум бўлишича, мамлакат раҳбари шаҳар марказини вертолётда учиб ўтган, шундан сўнг у Мустақиллик саройидаги кордон ташқарисига чиқиб, у ерда турган хавфсизлик кучларига хизмат учун миннатдорчилик билдирди.

Шанба куни Гроднода сўзлаган Александр Лукашенко, намойишчиларга «шанба ва якшанба кунлари ўйлаш учун» берилганлигини айтди: «Душанба кунидан улар хафа бўлмасин. Ҳукумат ўз ишини қилиши керак», деганди.

Беларусдаги норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа вилоятларида — Витебск, Гомел, Гродно, Брест ва Могилевда ҳам бўлиб ўтди. Якшанба кунги тадбир намойишлар давомида Минскда ва бошқа шаҳарларда ҳибсга олишлар қайд этилмади, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Олга Чемоданова.

Бундан ташқари, 23 август куни дунёнинг турли шаҳарларида (Рига, Санкт-Петербург, Варшава, Киев) беларуслик намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун митинглар бўлиб ўтди. Литвада одамлар саф тортишди (у Вилнюсдан Белорусия чегарасигача чўзилиб, унда Литва президенти Гитанас Науседа, ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс, собиқ президентлар Даля Грибаускайте ва Валдас Адамкус иштирок этди. Москвада Беларусь элчихонаси олдида бўлиб ўтган намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун митинг давомида 11 киши ҳибсга олинди.