30 июнь куни Тошкент вилоятидан ўтувчи Нурафшон-Оҳангарон йўлида Damas ва автобус ўртасида ЙТҲ содир бўлди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Унга кўра, Damas қарама-қарши йўлга чиқиб, Istana микроавтобусига урилган. Оқибатда 20 киши жароҳат олган, Damas автомобилининг 2 нафар йўловчиси — 1989 ва 2000 йилда туғилган фуқаролар тиббиёт муассасасида вафот этган.

Таъкидланишича, микроавтобус йўловчилар билан тўла ҳолатда ҳаракатланган. Damas`нинг 90 фоиз қисми пачоқланган.

«Олиб келинган беморларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилди. Бугунги кунда 3 нафар бемор шифохонамизнинг хирургия бўлимида, аҳволи стабил. Қолган беморлар ўзларининг турар жойидаги марказларига жўнатилмоқда», — деди Оҳангарон шаҳри марказий шифохонаси бош шифокори Нусратилло Холиқов.

ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.