Алишер Баҳодиров Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуаси бош директори этиб тайинланди, дея хабар бермоқда корхона таъсисчиси бўлган «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати.

У мазкур лавозимга тайинлангунга қадар «Ўзбекнефтгаз» компанияси газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. Меҳнат фаолиятини 2000 йилда «Шўртан газ кимё мажмуаси» унитар шўъба корхонаси полиэтилен цехи кузатувчиси, смена муҳандислигидан бошлаган. Кўп йиллар давомида «Ўзбекнефтгаз»да углеводородларни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг февраль ойидан буён Uzbekistan GTL компаниясига Фахритдин Абдурасулов раҳбарлик қилиб келаётганди.

Қашқадарё вилоятидаги мазкур завод президент иштирокида 2021 йил охирида ишга туширилганди. Унинг қиймати 3,42 млрд долларга баҳоланмоқда. Ҳар йили қиймати 1 млрд доллардан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводородлар ишлаб чиқариш режалаштирилганди, бироқ завод бу кўрсаткичларга эришмади.

Орадан бир ярим йил ўтиб, 2023 йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Air Products ўртасида Uzbekistan GTL заводи таркибида саноат газини қайта ишлаш заводини ривожлантириш бўйича 1 млрд долларлик сармоявий битим имзолади.