Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 26 июндаги қарори билан ўқитувчиларнинг йиллик узайтирилган меҳнат таътиллари муддатлари тасдиқланди.

Ҳужжат мактаблар, ихтисослаштирилган мактаблар, мактабдан ташқари ташкилотлар («Баркамол авлод» мактаблари, ёш педагоглар марказлари), спорт ва мусиқа мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, «Меҳрибонлик уйлари», касб-ҳунар мактаблари, коллеж, техникумлар директорлари, олий ўқув юртлари ректорлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари, ўқитувчилари, педагоглари, психологлари, дефектологлари, логопедлари ва таълим муассасаларининг бошқа ходимларига тегишли.

Эндиликда умумтаълим мактаби директори ва унинг ўринбосарлари 56 кун, ўқитувчи, логопед, дефектологлар 56 кун, тарбиячи, психолог, тўгарак раҳбари, мусиқа раҳбари 42 кунлик таътил олишлари мумкин бўлади.

Боғчалардаги директор, тарбиячи, мусиқа раҳбари, психолог, тарбиячи методистга 42 кун, жисмоний тарбия йўриқчиси, хореограф, сузиш бўйича йўриқчи, тарбиячи ёрдамчисига 27 кун, ўқитувчи, логопед ва дефектологга 56 кун узайтирилган таътил берилади.

Аввалроқ ўқитувчилар таътил тўлови миқдори ўтган йилга нисбатан камайтирилганидан шикоят қилганди. Бунгача улар 48 иш куни ёки 56 календарь куни дам олган. Аммо Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан якшанба куни ҳам 48 кун ичига киритилган ва пул тўланадиган таътил кунлари 7 кунга қисқаргани ҳисобига таътил пули кам чиқиши шикоятга сабаб бўлган. таътил давомийлигини 48 календар куни (41 иш куни) деб ҳисоблаш ноқонуний ҳисобланади ва тўлов миқдори камайтирилган ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари тикланади, деб хабар қилди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.

Янги Меҳнат кодексига кўра, педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилларининг муддатлари Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Педагоглар таътил муддатини белгилаш бўйича меъёрий ҳужжат қабул қилиниши кечикаётганини таъкидлаганди. 26 июнь, душанба куни эса ҳужжат қабул қилинди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётган «Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам 56 кунлик узайтирилган таътил кўзда тутилган.

Қуйидаги жадвалда ўқитувчиларнинг узайтирилган таътиллари кўрсатилган.

узайтирилган таътил, таътил, педагоглар

узайтирилган таътил, таътил, педагоглар

узайтирилган таътил, таътил, педагоглар