Германия ҳукумати иқлим ўзгариши туфайли тез-тез кузатилаётган ва кучайиб бораётган иссиқ ҳарорат тўлқинлари оқибатида ўлим ҳолатларининг олдини олиш бўйича кампания бошланганини эълон қилди, дея хабар бермоқда Euronews.

ГФР соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербахнинг сўзларига кўра, Германия Франция тажрибасини ўрганишни режалаштирмоқда. 2003 йилда Францияда 15 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган аномал иссиқлик тўлқини кузатилган, шундан сўнг мамлакат ҳукумати махсус чоралар кўрган.

Кампаниянинг дастлабки босқичи шаҳар ҳукуматлари учун маҳаллий жойларда амалга ошириши мумкин бўлган ҳаракатларни ўз ичига олган махсус веб-сайтни ишга туширишдан иборат. Германия ҳукумати, шунингдек, иссиқлик тўғрисида огоҳлантиришларни қандай қилиб энг яхши тарзда тарқатишни ўрганмоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат иссиқ даврларда ҳимоя қилиш учун шаҳарларда кўпроқ сояли ва салқин жойлар яратишни кўриб чиқмоқда.

Келгуси ҳафталарда Германия ҳукумати иссиқликдан ҳимоя қилиш бўйича миллий режани ишлаб чиқиш ниятида.