26 июнь куни соат 00:10 атрофида Хоразм вилояти Хива шаҳрида Damas автомашинаси ҳайдовчиси шаҳар ИИБ бошлиғини уриб юборди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг Uznews`га маълум қилишича, 30 ёшли Damas ҳайдовчиси шаҳар ИИБ маъмурий биноси олдида кўчани пиёда кесиб ўтаётган шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник Ботир Отажоновни уриб юборган. Шундан сўнг у йўл четида турган, ўз ўринбосари подполковник Ж.Раметовга тегишли бўлган Lacetti машинасининг орқа томонига урилиб, жароҳат олган.

Бироқ ҳайдовчи Damas`ни ҳодиса жойида қолдириб, ўзи воқеа жойидан қочиб кетган. Тезкор-қидирув ишлари натижасида ҳайдовчининг яширинган жойи аниқланиб, алкотестер ёрдамида кўрикдан ўтказилганда унда 0,403 мг/л миқдорида мастлик ҳолати аниқланган.

Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.