20 июнь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида 18 ёшли йигит ариқда оқиб кетаётган қизчани қутқариб қолди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қиз яшайдиган хонадон ҳовлисидан катта ариқ оқиб ўтган. Қизча ариқ бўйида ўйнаб, сувга тушиб кетган ва ҳушсиз ҳолда тахминан 200 метр масофага оқиб борганида йўлдан ўтиб кетаётган 18 ёшли йигит уни қутқариб қолган.

«Ариққа қараб кетаётгандим, қизни кўриб, зудлик билан сувга тушиб, уни олиб чиқдим. Орқасини ўгириб, белини ишқаладим ва ичидаги сувини чиқариб ташладим. Шундан сўнг, қизни шифохонага олиб бордик», — деди қизалоқни қутқариб қолган йигит.

Қизнинг отасинининг айтишича, у уйида иш қилаётгани сабаб қизи сувга тушиб кетганини билмай қолган.

«Қарасам, қизим йўқ. Ариқ бўйига югуриб бориб, кўрсам ''бетон'' хўл экан. Шундан ариққа тушиб кетганини тушундим. Етиб келгунимча, қўшни бола қутқариб қолибди. Раҳмат шу маҳалладагиларга. Шифохонага олиб бориб, икки соатлик шифокор кўригидан сўнг, қизим ўйнаб-кулиб чиқиб келди», — дейди қизнинг отаси.

Қизни қутқариб қолган Юсуфбек Тожибоев туман ФВБ ходимлари томонидан ташаккурнома ва совға топширилган.

ариқ, фвб, қибрай

Фото: Қибрай тумани ҳокимлиги