22 июнь куни соат 21:15 атрофида халқаро аҳамиятдаги М39 Тошкент-Термиз йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида 15 ёшли ўсмир ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Yoshlar телеканалининг Davr дастурида.

Ҳодисага йигит йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтгани ва ушбу йўл кечки пайт ёритилмагани сабаб бўлган. Йўл четида ёритиш тизими ўрнатилган, чироқлар ва ҳудудда барча белгилар мавжуд. Аммо электр энергияси берилмайди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, йўл ёритилмагани сабаб одам ўлими билан боғлиқ бу биринчи ҳолат эмас, 4−5 одам вафот этган. Самарқанддан келаётган машиналар жуда катта тезликда келади. Жиззахдан бораётганлар светафор борлиги учун бир тўхтаб олади.

«М39 йўлидаги ёритиш мосламалари Ободонлаштириш бўлимининг балансида, улар хизмат кўрсатади. Техник камчиликлари бор, шунинг учун ўчиб турибди, менимча. Трансформатрлари уланган, фақат уларни ёқиш керак», — деди туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Ойбек Султонов.

Ғаллаорол тумани Ободонлаштириш бўлими раҳбари Ғулом Оқмирзаев эса чироқлар ўтган йили аномал совуқ туфайли энергияни тежаш мақсадида ўчирилгани, ўшандан буён ёқилмаганини, ҳокимият рухсат берсагина ёқилишини айтди.

«Ток бўйича қарздорлик мавжуд эмас, ўтган йили аномал совуқ туфайли ўчирилган. Ўшандан буён ёқилмаган, ҳокимият рухсат берса, ёқамиз. Ходимлар билан ҳамма лампочкаларни алмаштириб чиққандик. 90 фоизи ёнади», — деди у.

Бироқ ҳокимият вакили унинг сўзларини рад этди. «Ҳокимиятдан электр энергиясини тежаш мақсадида ўчирилсин деган буйруқ берилмаган. Ҳозир ишчи гуруҳ тузиб, масалани кўриб чиқиб, бугун бартараф этамиз», — деди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Саҳоб Эрманов.

Таъкидланишича, ушбу йўлнинг 8 километр қисми ёритилмайди. 2023 йилнинг ўзида йўлнинг шу қисмида 12 та ЙТҲ содир бўлган.