Қачонлардир Тошкентнинг деярли ҳар бир паркида одамлар шаҳар пляжларидан фойдалана оларди. 1990 йиллардан бошлаб уларнинг сони мунтазам камая бошлади ва 2017 йилга келиб Марказий Осиёнинг аҳоли сони бўйича энг йирик шаҳрида бирорта ҳам бепул ва қонуний чўмилиш мумкин бўлган жой қолмади («Газета.uz» бу ҳақда ўтган йили «Чўмилиш тақиқланади. Тошкент қандай қилиб шаҳар пляжларисиз қолди?» мақоласида ёзганди).

2022 йилги ёзги мавсум ёпилиши арафасида собиқ Комсомол кўли қолдиқлари ўрнида «Қумлик» пляжи очилди. Бу йил ёзда эса «Янги Ўзбекистон» паркида ҳам пляж очилди. У мустақиллик йилларида — сўнгги 32 йилда — пойтахтда қурилган дастлабки пляж бўлди. Иккала пляж ҳам пуллик.

«Газета.uz» мухбирлари ушбу сув ҳавзаларида бўлиб, чўмилувчиларнинг бу ердаги нарх-наво ва қулайликлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Миллий боғдаги «Қумлик» пляжи

«Қумлик» пляжи бир вақтлар тошкентликларнинг севимли масканларидан бири ҳисобланган собиқ Комсомол кўли ўрнида ташкил этилган. Совет даврида пляж бепул бўлган, 2000 йилларда эса ҳордиқ чиқарувчиларга оғирлиги тушмайдиган тўлов жорий қилинган. Кўлнинг устунликлари кўп эди: шаҳар марказидаги қулай жойлашув, сирпанчиқ бўлмаган қумлик туб, катталиги, сокин оқим. Сув ҳавзасининг атрофи кўп йиллик катта дарахтлар орасида эди. Янги пляж бундай сифатларга эга эмас.

Яққол фарқ — сув юзасининг майдони. Чўмилиш мумкин бўлган жой каррасига қисқарган ва кўпроқ бассейнни эслатади. У катта бўлмаган икки ҳудудга — болалар ва катталар учун мўлжалланган қисмларга ажратилган. Энг чуқур жойи 1,5 метр. Суви, аввалгидек, Бўрижар каналидан олинади ва кўлга тушишидан аввал фильтрациядан ўтказилади.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

«Сув ва пляждаги қум жуда тоза. Мен Москваданман ва бу ерга келганимдан сўнг сузиш учун узоқ вақт очиқ сув ҳавзаларини изладим. Ҳар ҳолда қуёш ва сув нафақат завқ беради, балки саломатлик учун ҳам фойдали. Албатта, бассейн каттароқ бўлса яхши эди. Умид қиламанки, келгусида пляж ҳудуди кенгайтирилади», — деди шу ерда ҳордиқ чиқараётганлардан Михаил Жуков.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Пляжнинг иккинчи сезиларли камчилиги — тубининг резина экани. Катталар учун мўлжалланган бассейн бошдан-оёқ резина мембрана билан қоплаб чиқилган. У шиллиқ бўлиб қолиб, устида юрганда оёқ жуда сирпанади.

Қирғоқ бўйлаб сувга хавфсиз шўнғиш имконини берувчи ғадир-будир қопламали йўлаклар йўқ. Комсомол кўлининг қумли туби ва аста-секин чуқурлашиб боргани сабабли унда сувга хавфсиз шўнғиш мумкин эди ва унда нафақат сузиш, балки юрса ҳам бўларди. Янги кўлда бундай қилолмайсан.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Болалар учун мўлжалланган чўмилиш зонаси учбурчак бассейн кўринишида бўлиб, унинг тубига майда шағал ташланган Аммо бу ерда ўйинқароқлиқ килаётган болаларни кўрмайсиз — ҳавзанинг бу қисми саёз бўлгани боис бу ерда сув катталар бассейнига нисбатан тезроқ ва кучлироқ исийди.

Пляж ташрифчиларининг фикрича, бу ерда бехавотир сузиб, чўмилиш учун кўлни паркнинг сайрларга мўлжалланган қисмидан девор билан ажратиш керак, токи сайр қилувчилар чўмилувчиларни кўрмасин

Пляж ҳудуди озода. Соябонлар шезлонгларни соя қилиб турибди, аммо бу ерда ҳордиқ чиқарувчилар ҳатто дам олиш кунлари ҳам кўп эмас. Бу ердаги нарх аквапарклардаги нарх-наво билан бир хил ёки юқорироқ ҳам. Бутун оиласи билан дам оламан деб келган одам учун анча қимматга тушади.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Болалар учун кириш нархлари:

  • Иш кунлари 2 соат — 40 минг сўм;
  • Дам олиш кунлари 2 соат — 60 минг сўм;
  • Иш кунлари тўлиқ — 140 минг сўм;
  • Дам олиш кунлари тўлиқ — 160 минг сўм.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Катталар учун кириш нархлари:

  • Иш кунлари 2 соат — 80 минг сўм;
  • Дам олиш кунлари 2 соат — 120 минг сўм;
  • Иш кунлари тўлиқ — 200 минг сўм;
  • Дам олиш кунлари тўлиқ — 250 минг сўм.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Бу пул эвазига ташрифчиларга соябон, шезлонг, халат, сочиқ, буюмларни сақлаш учун шкаф ва, агар зарур бўлса, ҳаво билан шиширилган (дамлама) баллон бепул берилади. Киришда кийим алмаштириш ва ювиниб олиш учун мўлжалланган олтита ёғоч кабина ўрнатилган. Кўпчилик ўз сочиғи ва баллонларини олиб келишни маъқул кўради. Шу ердаги барда ичимликлар ва фастфуд сотилади.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

«Биз пляжга бутун оиламиз билан бирга келдик. Биз мўлжал олган нарх бутун кунга эмас, балки атиги икки соатга мўлжалланганлигини кассада билдик. Бу вақт жуда кам — то кийимларингни алмаштириб, жойлашиб олгунинггача ҳам кўп вақт кетиб қолади, — дейди пляжга келган аёллардан бири. — Мен, масалан, чўмилмайман, лекин кириш учун барибир пул тўладим. Балки парк маъмурияти шунчаки ўтириш учун ёки кўпчилик бўлиб келганларга қандайдир чегирмалар қилиши керкадир».

Кириш нархининг ҳаддан ташқари юқори эканини бошқалар ҳам таъкидламоқда. Бу ҳолатда ўрта статистик оила дам олиш кунлари пляжда ҳордиқ чиқаришни ўзига раво кўролмайди, мунтазам ташриф буюришни-ку гапирмаса ҳам бўлади.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Озода ва яратилган қулайликларига қарамай, янги пляж табиат қўйнидаги ҳордиқ ҳиссини беролмайди ва тошкентликлар учун 80 йил давомида ҳар чўмилиш мавсумида тўлдирилган катта кўл ўрнини босолмайди.

«Янги Ўзбекистон» паркидаги пляж

Шаҳар чеккасидаги «Янги Ўзбекистон» боғидаги пляж — тошкентликлар учун 1990 йиллардан бери қурилган илк қумли соҳилдир. Унинг майдони 0,6 гектар бўлиб, парк маъмуриятидан маълум қилишларича, бу ерда 400 киши бир вақтда ҳордиқ чиқариши мумкин.

Пляж душанба куни 12:00 дан 22:00 гача, сешанба-якшанба кунлари эса 10:00 дан 22:00 га қадар ишлайди. Касса 20:00 да ёпилади.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Нархлар:

  • Катталарга: иш кунлари — 60 минг сўм; дам олиш кунлари — 90 минг сўм.
  • 4 ёшгача бўлган болаларга: бепул.
  • 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга: иш кунлари — 40 минг сўм, дам олиш кунлари — 60 минг сўм.
  • Пенсионерларга: иш кунлари — 30 минг сўм, дам олиш кунлари — 45 минг сўм.

Пляжга «Машинасозлар» метро бекатидан 190-автобусда, таксида ёки шахсий машинада етиб бориш мумкин. Бекатдан пляжгача пиёда бориш керак. Йўл тахминан ярим соатча вақт олади.

«Шаҳарда яшайдиганлар учун узоқлик қилади. Парк ҳудуди катта эканини ҳам ҳисобга олиш керак. Парк дарвозасидан пляжгача узоқ юриш керак, бундай жазирамада ёш болалар ва кекса кишиларга оғирлик қилади», — дейди пляж меҳмонларидан Зинаида Ҳожиева.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Бу ерда дам олувчилар кўп. Маъмурият бунчалик кўп одам келади деб кутмаганини тан олди. Одамлар йўқолиб кетган шаҳар пляжларини соғиниб қолгани кўриниб турибди.

«Йил бошида биз биринчи галда сайёҳлар ва релокантлар илтимосларига кўра жамоат пляжини қуришни режалаштирган эдик. Ҳозир пойтахтда бизнинг иқлимимиз ва қуёшимизни жуда яхши кўрадиган кўплаб чет элликлар яшаяпти. Аммо улар чўмилиш мумкин бўлган жойлар тақчиллигига дуч келмоқда. Шу боис биз уч ой ичида бу пляжни ишга туширдик», — деди пляж бошқарувчиси Фаррух Муҳаммадиев.

Кўл уч қисмга бўлинган. Чўмилиш жойи сифатида 0,44 гектарлик марказий ҳавза танланган. Унинг максимал чуқурлиги 1,7 метрни ташкил этади.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Кўлга сув ер остидан келади, аммо парк маъмурияти сувнинг ҳақиқий манбасини айтиб бера олмади. Сунъий йўлдош хариталарига ишониладиган бўлса, сув Чирчиқ дарёсидан оқиб келувчи каналдан олинади. Сув йўли кўл ва парк чегарасида яқинида узилиб, сўнг Янги Ўзбекистон кўчасидан ўтгач яна пайдо бўлади.

Қизил чизиқ билан канал ажратиб кўрсатилганҚизил чизиқ билан канал ажратиб кўрсатилган

Фаррух Муҳаммадиевнинг айтишича, сув тўрт босқичли фильтрациядан ўтади ва сув ҳавзасининг бутун майдони бўйлаб айланиб, алмашиб туради. Бу эса сезилар-сезилмас оқимни юзага келтиради. Ҳордиқ чиқарувчилар сув сифатидан мамнун.

«Сув жуда тоза, ҳарорати ҳам айни чўмилишбоп. Фақат болалар бемалол ўйнаб, чўмилиши учун алоҳида жой қилишса яхши бўларди. Кўл жуда қия, бирдан сувга тушасиз: ҳозир бола икки қадам қўйиши билан, сув остида қолиши, чўкиб кетиши мумкин», — дейди Тошкентга меҳмонга келган Александра Гутченко ва Евгений Веренков.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Болаларга мўлжалланган ҳудуднинг йўқлиги — ташрифчиларнинг ягона эътирози эмас. Ҳавза тубидаги резина қоплама, Миллий боғдаги каби, сирпанчиқ, ҳаракатланиш учун унчалик ҳам қулай эмас. Қирғоқ бўйлаб хавфсиз шўнғиш учун ғадир-будир қопламали махсус йўлаклар ўрнатилган, аммо улар ҳамма учун етарли эмас, навбат юзага келяпти.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Чўмилаётганларни қутқарувчилар кузатиб туради. Сузишни билмайдиганлар шу ердаги дўкондан дамлама баллонлар ва матрасларни сотиб олиши мумкин. Шезлонг ва соябонлар пляж маъмурияти томонидан бепул тақдим этилади. Зарурат туғилса, ҳордиқ чиқарувчилар тиббиёт пунктига мурожаат қилиши мумкин.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Пляжда қумнинг борлиги ташрифчиларни хурсанд қилмоқда. Кўпчилик қирралар ва табиатга ёт ҳисобланган плиткалар сабаб бассейн ва аквапарклар бу ердаги каби ҳиссиётларни тақдим эта олмаслигини таъкидламоқда.

«Бу ерда ҳақиқий қум борлиги учун ҳам пляж устун келади, — деб ҳисоблайди Эльмира Нураҳмедова. — Худди денгизда дам олаётгандек бўласан. Оёғинг остида шундай юмшоқ ер бўлса, юриш ва қуёшда тобланиш ҳам бир ёқимли бўлади. Қумда ўйин ўйнаш мумкинлигидан айниқса болалар хурсанд. Ўғлим ва қизим қумга кўмилиб, қумли қаср қуришга ҳам улгурди. Бу жой бизга жуда ёқди, энди бутун ёз қатнаймиз».

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Пляжда эркаклар ва аёллар учун алоҳида кийим алмаштириш жойлари бор. Ҳар бирида учтадан душхона, кийим алмаштириш учун иккитадан кабина ва битта ҳожатхона бор. Буюмларни сақлаш учун мўлжалланган шкафчалар ҳам шу ерда. Ташқарида очиқ душ ҳам бор.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

Пляжга ўзи билан овқат олиб келиш мумкин эмас. Маъмуриятнинг тушунтиришича, бу тақиқ пляжнинг озодалигини сақлашга доир хавотир билан боғлиқ. Егуликларни шу ердаги дўконча ё ресторандан сотиб олиш таклиф қилинади. Парҳезда бўлган ёки болалар овқати билан келган ташрифчилар учун маъмурият қоидадан ташқари истисно қилишга тайёр. Таомни бунинг учун алоҳида ажратилган жойларда тановул қилиш мумкин.

Пляжнинг ёнида катерда сузиш учун алоҳида кўл ва скамейкали дам олиш ҳудуди бор. Парк маъмурияти кейинчалик байрамлар ташкил этиладиган ва турли томошалар қўйиладиган сузиб юрувчи оролни қуришни ҳам режалаштирган.

пляж, тошкент, чўмилиш жойлари, шаҳар пляжлари

«Бепул пляжларнинг йўқлиги — бу, катта эҳтимол билан, қарор қабул қилиш, шаҳарни режалаштириш даражасидаги муаммо. Нима учун парклар ва хиёбонлар бору, лекин сувга тушишга рухсат йўқ? Бу камчилик», — дея таъкидлаганди урбанист Аркадий Гершман аввалроқ «Газета.uz»га берган интервьюсида.

Муниципал пляжлар жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида бор. Пляжи бор шаҳарларда чўмилиш жойлари учун зарур инфратузилма — қутқарувчилар, душхоналар, ёрдам кўрсатиш пунктлари — маҳаллий бюджет томонидан қўллаб-қувватланади. Маблағнинг бир қисми тадбиркорлардан ҳам тушади: пляжларда кафелар бўлади, шезлонгларни ижарага бериш каби пуллик хизматлар кўрсатилади. Айни вақтда, айрим шаҳар пляжлари пуллик бўлиши ҳам мумкин.

«Ишни парклар, кўллардаги умумий чўмилиш жойларини ташкил этишдан бошлаш керак. Қандайдир бўлса ҳам имконият яратиш керак. Ана шунда бу жамоатчилик учун мўлжалланган неъматга айланади», — дея таъкидлаганди мутахассис.

Пляжларни ташкил этиш ва сақлаш — ақлли режалаштиришни талаб қилувчи узоқ ва қиммат жараён. Тошкентда кўп йиллик танаффусдан сўнг яна пляжларнинг пайдо бўлаётгани кишини хурсанд қилади. Аммо уларнинг аввалгидек ҳаммабоп эмаслиги ранжитади. Очиқ ва хавфсиз жамоат пляжлари қанча кўп бўлса, кишилар ҳаётини хавф остига қўйиб, тақиқланган жойларда чўмилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам шунча камаяди.