Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Чўмилиш тақиқланади
Қандай қилиб Тошкент шаҳар пляжларисиз қолди?
Тошкентда жазирама ёз кунлари бошланди – очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ва хордиқ чиқаришнинг айни пайти. Бироқ аҳоли ва иссиқ кунлар сони ортганига қарамасдан, мустақиллик йилларида пойтахтда фуқаролар дам олиши учун бирорта ҳам сув ҳавзаси барпо этилмади. Шаҳардаги совет давридан қолган бор сув резервуарлари ҳам йўқ қилинди. Жазирама уч ой олдидан «Газета.uz» XX аср шаҳарсозлари қандай қилиб Тошкентнинг иқлимий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда одамлар учун қулай шаҳар барпо этганлари ва нима учун шаҳарларимизга сув ҳавзаларини қайтаришимиз кераклиги ҳақида мушоҳада юритади.
Кейинги дам олиш кунлари тошкентлик оддий оила қаерга чўмилиш учун бориши мумкин? Шаҳардаги оммавий сув ҳавзаларидан фақат Бўрижар ва Анҳор каналлари қирғоғида сувга тушадиган бир нечта очиқ жой қолган, бироқ у ерларда ҳам хавфли оқим сабабли панжараларга «Чўмилиш тақиқланади» деган ёзувли тахтачалар илинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳар йили тақиқланган жойларда чўмилмаслик тўғрисида огоҳлантиришлар беради, бироқ 2022 йилда Марказий Осиёнинг энг йирик шаҳри ўз аҳолиси ва меҳмонларига фақат хлорли бассейн ва аквапаркларда сузишни таклиф қилиши мумкин. Сув бўйида минимал даражада қулай ва хавфсиз дам олиш учун эса тўрт кишилик оила ўртача 500 минг сўм тўлашга тайёр бўлиши керак, чунки Тошкентга совет шаҳарсозларидан мерос қолган бепул сув ҳавзалари Янги Ўзбекистон томонидан ўрнига битта ҳам қурмасдан, вайрон қилинган.
Пионерлар чўмилишмоқда. Тошкент, 1934 йил
Фото: Кинофотофоноҳужжатлар миллий архиви
Совет Иттифоқининг охирги йилларида ёз кунларида Тошкентдаги Комсомол кўли (Алишер Навоий номидаги миллий боғ, ҳозирги Magic City), Бахт кўли (ҳозирги Lake City кўл шаҳарчаси қурилиш майдони), Волгоград кўли (Ғафур Ғулом номидаги боғ), шунингдек, Бобур (ҳозирги Дўстлик боғи) ва Тельман (Central Park) боғларидаги бепул пляжларда кўплаб чўмилувчиларни учратиш мумкин эди. Бундан ташқари, ўтган асрнинг 80-йиллари охиригача кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида болалар учун бассейнларни учратиш мумкин эди. Бугун юқоридагилардан ҳеч бири қолмаган.
Тошкент темир йўли Пионерлар саройи боғидаги ҳовузда болалар чўмилмоқда. 1937 йил
Фото: Кинофотофоноҳужжатлар миллий архиви
Тошкент меъморларига йўл-йўриқ кўрсатган шаҳарларни ободонлаштириш ва сув ҳавзалари билан таъминлаш тамойиллари «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» совет журналларида, шунингдек, 1980-1992 йилларда Ўзбекистон меъморлар уюшмаси раиси бўлиб ишлаган Тўлқиной Қодированинг «Совет Ўзбекистони архитектураси» китобида баён этилган. «Газета.uz» ушбу манбаларни ўрганиб чиқди ва ёзи жуда иссиқ бўлган қурғоқчил ҳудудда қандай қилиб воҳа шаҳри қурилгани ва сўнгги ўн йилликда Тошкент қай тарзда барча шаҳар пляжларини йўқотгани ҳақида мушоҳада юритади.
«Парижнинг янги туманларидан бири — Ромаинвилнинг шаҳар қурилишлари тасвирлари ва дарахт танаси билан безатилган ёдгорлик жевакчасида (брелок) шундай ёзув бор: «Дарахтлар ўлмоқда — шаҳар ўсмоқда». Тошкент марказида эса, аксинча, имкон қадар дарахтлаштиришга ҳаракат қилинмоқда ва ҳудудининг катта қисми яшил майдонлар ва сув ҳавзалари учун ажратилган»

— «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши журнали»
Даставвал Тошкент ўзининг «жанубий ўзига хослиги»ни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган эди. «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» журналидаги мақолалар муаллифлари Марказий Осиёнинг оғир иқлим шароитида аҳоли турар-жойларида сув иншоотларини барпо этиш миллий, тарихан шаклланган меъморчилик ечими бўлганини қайта-қайта таъкидлаб ўтишган. Бинобарин, СССР тузилганидан кейин Тошкентни қуришга жўнатилган меъморлар ҳам ана шу анъаналарга амал қилиб, ёзнинг узоқ ва жазирама кунларида аҳолининг ҳаётини енгиллаштиришга ҳаракат қилганлар.

Анъанавий равишда Марказий Осиё шаҳарларида микроиқлимни яхшилаш учун шаҳар ва туманлар ичида сув ҳавзалари — ҳовузлар қурилиб, уларнинг қирғоқларига серсоя дарахтлар (қайрағоч, мажнун толлар) экилган, чойхоналар ташкил этилган. Бу эса, ўз навбатида, нафақат салқинликка, балки шаҳарлар ансамблларининг янада жозибали бўлишига ҳам ёрдам берган.
«Миллий меъморчилик анъаналарининг давомийлиги ғояси суғориш усулларида ўз ифодасини топади: йирик сунъий сув ҳавзалари, қудратли фавворалар тизими яратилган. Соя режими асосий магистрал йўллар, кўчалар, қирғоқлар, тротуарлар, пиёдалар хиёбонларини кўкаламзорлаштириш орқали таъминланади».
— Тўлқиной Қодирова, «Совет Ўзбекистони архитектураси»
Аҳоли сони 900 минг, ҳудуди 13,8 минг гектар бўлган Тошкентнинг 20-25 йилга мўлжалланган биринчи тасдиқланган бош режаси 1938-1939-йилларда қабул қилинган. Меъмор Александр Кузнецов бошчилигида ишлаб чиқилган ҳужжатда шаҳарнинг эски ва янги қисмларини узвий боғлаш, ободонлаштириш, боғлар, майдонлар ва сузиш ҳавзалари, чўмилиш ҳовузлари, фавворалар ва сув иншоотларининг кенг тармоғини қуриш йўли билан кенг сув ҳавзалари тизимини яратишга катта эътибор қаратилган.

Хизмат кўрсатган агроном Ремискевичнинг ёзишича, Тошкент шароитида кўкаламзорлаштириш асосан уларни ичимлик суви билан таъминлаб турган ариқлар тармоғи бўйлаб олиб борилган. Бундан ташқари, бетон ариқларда (лоток – тарж.) дарахтларни суғориш учун тешиклар қилинган – уларсиз суғориш тармоғи «оқова канализацияси»га айланар эди.
реклама
реклама
Ушбу ечимлар оғир иқлим шароитида яшаш қулайлигини ошириш мақсадида аҳолига замонавий хизматлар кўрсатишга қаратилган эди.

Бундан ташқари, Тошкентни ободонлаштириш ишлари шаҳар қиёфасини шакллантириш мақсадида ҳам амалга оширилди. Дарахтлар ўзларининг экологик ва эстетик вазифаларидан ташқари, пойтахтнинг архитектура-режалаштириш тузилмасини шакллантириб, маконга ҳажм тортиқ қилди. Ҳажм бериш вазифаси, айниқса, аниқ табиий ландшафтга эга бўлмаган шаҳар учун жуда муҳимдир. Унинг даражасидаги фарқ маконни кўп қиррали нуқтаи назардан кўриш имконини берди.
«Шаҳар ва унинг маркази фақатгина яхши яшил фонни яратиш ҳисобига ягона органик бутунликка айланиши мумкин. Бунда шаҳарнинг яшил ўсимликларини фон сифатидагина кўрмаслик керак. Кўкаламзорлаштириш ишлари ҳаво ҳавзасини соғломлаштириш, исиб кетиш даражасини пасайтириш, сайрлар, кўнгил очиш ва хордиқ чиқариш учун қулай шароитларни яратиш ғоясига бўйсунган парклар, боғлар ва хиёбонлар ўзаро узвий тизимини намоён этиши лозим»

— Архитекторлар О. Рушаковский ва Л. Адамов, «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» журнали.
Истироҳат боғлари, хиёбонлар ва яшил ҳудудлар
Миллий боғ
1930-йилларда аллақачон мавжуд бўлган Киров (ҳозирги Дўстлик боғи) ва Горький (ҳозирги Тошкент курантлари ёнидаги ободонлаштирилмаган «Болажон» боғи) номидаги боғлар аҳолининг яшил майдонларга бўлган эҳтиёжини қондира олмади. Шаҳарга дам олиш ва спорт билан шуғулланиш учун сув ҳавзаси бўлган катта яшил ҳудуд керак эди. Бош режага кўра, Бешёғоч дарвозаси олдида шаҳар деворидан ташқарида, Анҳор каналининг чап қирғоғида кўли бўлган янги боғ барпо этиш режалаштирилган эди.
Жазирама кунда Комсомол кўлида. Тошкент, 1960 йил
Фото: Кинофотофоноҳужжатлар миллий архиви
Бир вақтлар бу ерда ғишт заводлари жойлашган бўлиб, тупроқ қазиб олиниши натижасида тахминан 9 гектар майдонда 3-7 метрлик чуқурлик ҳосил бўлган эди. 1939 йилда 29 гектар майдонда Комсомол боғ-кўли очилди. Бу ер тошкентликларнинг севимли дам олиш ва сув спорти масканига айланган.
«Қуюқ ўсган дарахтлар сояли хиёбонлар, сокин дам олиш учун шинам бурчакларни ҳосил қилди. Янги пляжлар, сув стадионлари, яшил театр, қайиқлар станциялари ва болалар темир йўли шаҳарликларга жуда манзур келди. Барча объектларни бир-бирига боғлаб турган доирасимон йўлаклар гоҳ сув ҳавзасига яқинлашар, гоҳида яшил дарахтзор ичига чуқур кириб борарди. Инсон кўз ўнгида янгидан-янги истиқболлар очиларди. Бунга кўп жиҳатдан боғ иншоотларини сув ҳавзаси қирғоқлари контурининг перпендикуляр ўқлари бўйлаб жойлаштириш ҳисобига эришилди»

— Тўлқиной Қодирова, «Совет Ўзбекистони архитектураси»
2021 йилда Алишер Навоий номидаги Миллий боғ негизида Magic City савдо-кўнгилочар боғи очилди. Кўл қуритилди. Боғ ҳудудидаги сув ҳавзасининг бир қисми мусиқали фавворага айлантирилди. Кўлнинг нариги томонидаги ўрнида эса Миллий академик драма театри қурилади.
Комсомол кўли ҳудудининг бир қисмидаги мусиқий фаввора
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
«Кўнгилочар ва аттракционларга эга ҳар қандай боғлар инсонга табиий муҳитдан оладиган ижобий ҳис-туйғуларни бера олмайди. Шаҳар боғлари табиий ландшафтлар характерига эга бўлган катта майдонларни талаб қилади. Парклар қатъий ихтисослашган қисмларга бўлиниши, унда болалар, сайр ва кўнгилочар бўлимлари бўлиши лозим. Дам олишнинг максимал хилма-хиллигини таъминлайдиган ва шу билан барча ёш гуруҳларининг эҳтиёжларини қондирадиган ҳудудларга бўлиш тамойили кўпинча боғларнинг ҳажмини ҳисобга олмасдан амалга оширилади. Натижада бу яшил майдонларнинг нобуд бўлишига олиб келади».

— «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» журнали
Ғалаба боғи
1946–1947 йилларда пойтахтда сунъий сув ҳавзали янги истироҳат боғи – Ғалаба боғи (ҳозирги «Тошкентланд» боғи) барпо этилди. Кексаларнинг айтишларича, боғ анча ўртамиёна бўлган. Унда Ўзбекистон ССР халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси жойлашган бўлиб, шаҳарликлар у ерга асосан чўмилиш учун боришган.
Архитекторлар ўйлаб чиқишганидек, Ғалаба ва Комсомол боғлари Тошкентнинг яшил ўзагини ташкил этди. Бўзсув ва Бўржар анҳорлари бўйлаб ўтган боғ йўли шимолда Ғалаба боғи, жанубда Комсомол боғида тугар эди.

Аммо 1992-1993 йилларда шимолий боғ ҳудудида бизнес маркази, Intercontinental меҳмонхонаси ва Ўзмиллийбанк биноси, шунингдек, аквапарк ва аттракционлар қуриш лойиҳаси бошланди.
Собиқ Ғалаба боғи ҳудудидаги ҳовуз
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Ғафур Ғулом боғи
«Ўзбекистон комсомолига 40 йил» маданият ва истироҳат боғи 1967 йилда Чилонзор тумани қурилиши вақтида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 14-22 гектар бўш жой ўрнида барпо этилган.
Ғафур Ғулом боғида чўмилиш.
Фото: rifat / livejournal.com
Унинг ҳудудидаги кўл бутун шаҳар аҳолиси орасида боғ реконструкция қилиш учун ёпилгунга қадар жуда машҳур эди.
реклама
реклама
2020 йилда Ғафур Ғулом истироҳат боғини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича лойиҳа раҳбари Отабек Мирзажонов ҳовуз ёнидаги пляж пуллик бўлиши, бу ерда аквапарк барпо этилиши ҳақида маълум қилган эди.
«Бахт» ва «Роҳат» кўллари
ХХ асрнинг 60-йилларида Тошкент яқинидаги Чирчиқ дарёси ўзанидаги шағал чуқурлари негизида «Бахт» ва «Роҳат» кўллари ҳамда уларнинг атрофида дам олиш зонаси яратилган.
«Роҳат» кўлидаги чархпалак, 1970-йиллар
«Тошкент» фотоальбомидан сурат, 1977 йил. «Ўзбекистон» нашриёти /
Tashkent Retrospective / Telegram
Ҳозирда биринчи кўл ҳудудида сув бўйида Lake City қурилмоқда, иккинчи кўл ҳудудида эса аллақачон гольф клуби фаолият юритмоқда.
Тошкентнинг бошқа сув ҳавзалари
Тельман (Central Park), Бобур (Дўстлик боғи) ва Экопарк ҳудудидаги сув ҳавзалари аслида чўмилишга мўлжалланмаган бўлса ҳам, бу ерда чўмилаётган болаларни учратиш мумкин эди.
Бўржар (Ислом Каримов кўчасидаги кўприк яқинида) ва Анҳор (Нурафшон айланма йўлида ва Олимпия шон-шуҳрати музейи яқинидаги кўприк) қирғоқларида, гарчи бу ерда сувга тушиш имкони темир панжаралар билан тўсиб қўйилган(Олимпия шон-шуҳрати музейи яқинидаги Анҳор каналига тушиш бундан мустасно), уларда сузишни тақиқловчи белгилар ўрнатилган бўлса ҳам, чўмилувчиларни ҳозиргача учратиш мумкин. Баъзи жойларда панжаралар чўмилувчилар томонидан демонтаж ҳам қилинган.
«Мовий гумбазлар» хиёбони
«Мовий гумбазлар» хиёбони гарчи чўмилишга мўлжаллаб қурилмаган бўлса ҳам, уни Тошкент марказида шаҳарнинг иқлим хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда бунёд этилган яшил мавзесининг сув иншоотлари билан таъминланишига мисол қилиб келтириб ўтиш жоиз.
Фото: mytashkent.uz
Рус боғидаги ҳовуз бузиб ташланган; ўзбек боғида хиёбонлар эса сув ҳавзалари бўлган тўрт боғга бўлинган, улар бўйларида чойхона, узумзорлар ва атиргулзорлар бор эди. Дарвоза билан ўралган япон боғи атрофдаги табиат элементлари — тоғлар, тошлар, сунъий ғорлар, тинч ва шалдираб турувчи сувлардан қурилган. Француз боғида эса кўплаб пурковчилари бўлган фавворалар ўрнатилди.

Бугун хиёбонда майсаларни суғориш тизимигина қолган.
Аҳоли пунктларидаги ҳовузлар
1966 йилги зилзила оқибатлари меъморлар олдига бир қатор шаҳарсозлик муаммоларини ташлади. Маҳаллий шаҳарсозлик ва бадиий анъаналарни қайта кўриб чиқиш ҳамда Тошкентнинг ўзига хос архитектурасини тушуниб етиш билан боғлиқ бўлган саноат қурилиши шароитида шаҳарнинг меъморий ва бадиий ўзига хослиги масаласи айниқса долзарб эди.

Бутун Совет Иттифоқидан келган қурувчилар бошпанасиз қолган минглаб оилалар учун турар-жой бинолари қурдилар. Улкан мамлакатнинг архитекторлари ва лойиҳа институтлари иссиқ иқлим шароитида аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олдилар.
«Турар-жой муҳитининг ҳаддан ташқари қизиб кетишига қарши кураш архитекторнинг биринчи вазифасидир. Марказий Осиёнинг иқлим шароитида турар жой лойиҳасини ишлаб чиқаётган меъмор одамларнинг очиқ ҳавода узоқ вақт қолишлари учун шароит яратиши шарт ва бунга, албатта, турар жой турининг ўзи ҳам ҳисса қўшиши керак. Шу билан бирга, жамоат хизматларини кўрсатиш муассасалари билан барча алоқалар очиқ, лекин қуёш нурларидан ҳимояланган бўлиши, хизмат кўрсатиш гуруҳи эса ёзги бинолар тўпламини ўз ичига олиши керак. Суғориш, барча ёшдагилар учун очиқ сузиш ҳавзаларини яратишга алоҳида эътибор берилиши лозим. Дам олиш жойлари ва ўйин майдончаларини имкон қадар кўпроқ кўкаламзорлаштириш ва иложи борича уй-жойга яқинлаштириш керак».
— Архитектор Б.Алимжоновнинг «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» журналидаги мақоласидан
Ҳудудни ободонлаштириш ва суғориш, ёруғлик ўтказувчиларнинг (дераза сингари – тарж.) қуёшдан ҳимояланганлиги, иссиқликка чидамли материаллардан фойдаланиш, тунги вақтда интенсив шамоллатиш ва хонадонларни оқилона жойлаштириш хоналардаги ҳаво ҳароратини ташқи муҳитга нисбатан 11 даражагача камайтириши мумкин, дея қайд этади мутахассислар. Ҳатто ҳавони сунъий совутиш технологияларидан фойдаланилган тақдирда ҳам, ушбу услублар, айниқса энергетика инқирозлари шароитида долзарб ҳисобланади.
«Микротуманларни режалаштириш, қуриш, кўкаламзорлаштириш маҳаллий табиий-иқлим хусусиятлари, халқ анъаналарини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Уйларга туташ майдонлар ва пиёдалар йўлаклари сояланган, ток билан ёпилган перголалар кенг қўлланилган: улар остида айвонлар, супалар, шилдираб оқувчи ариқлар ўрнатилган. Ўйин майдончаларида бетон ҳовузчалар ва қайиқчаларни оқизиш учун каналлар, чўмиладиган бассейнлар ўрнатилган»

— «Ўзбекистон архитектураси ва қурилиши» журнали
Тошкент ҳовлиларида 1966 йилдаги зилзиладан сўнг оммавий равишда болалар учун бассейнчалар пайдо бўла бошлаган. Маҳаллаларни лойиҳалашда архитекторлар бундай сув ҳавзалари қурилишини режага киритдилар. Ҳовузлар турли шаклларга эга эди: юмалоқ, тўртбурчаклар, эркин кўринишдаги. Сув тўлдириш ва бўшатиш яқин атрофдаги қудуқлар ёрдамида амалга оширилган.

Ц-13 ҳудуди ўзига хос оригинал режа асосида қурилган. Турар-жой бинолари шимоли-шарққа очиладиган кичик ҳовлилар атрофида тўпланган бўлиб, бу уларга яхши шамоллатиш имконини беради. Микрораён ҳудудининг 30 фоизга яқини яшил ҳудудга ажратилган. Уни суғориш учун зич ариқлар тармоғи яратилган.
«Ҳовузлардан, кичик меъморий шакллардан кенг фойдаланилган бўлиб, улар функционал мақсадларидан ташқари, бутун мажмуанинг кўринишини ранг-баранглаштирган ҳам. Кичик меъморий шакллар, ҳовузларни фаол татбиқ этиш жой пластикасини бойитарди. Улардан ободонлаштириш, суғориш ва кўкаламзорлаштириш билан уйғун ҳолда фойдаланиш ҳовлидаги шовқин даражасини пасайтирарди».
— Тўлқиной Қодирова, «Совет Ўзбекистони архитектураси»
Бироқ турар-жойларни бундай сув ҳавзалари билан таъминлаш ғояси санитария меъёрлари бўйича синовдан ўтказилмаган. Кекса ёшдагилар ҳовузлардаги сувни тез-тез алмаштиришга ҳаракат қилишгани, лекин улар тезда ифлосланганини эслашади.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Ҳовузларнинг санитария-гигиеник талабларга жавоб бермаслиги сабабли сувни тўлдириш ва дренажлаш тизимлари демонтаж қилинди. Бироқ аҳоли ўз квартираларидан шланглар орқали ҳавзаларни тўлдиришда давом этишди. Буни тўхтатиш учун расмийлар ҳовузларни бузиб (тупроқ билан тўлдириб) юборишни буюрдилар. 1980-йилларга келиб Олмаотада улардан бирортаси ҳам қолмади ҳисоб.

Тошкентдаги бир неча ҳовлиларда ташландиқ болалар чўмилиш ҳовузларини учратиш мумкин.
Таниқли россиялик урбанист Аркадий Гершманнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, санитария меъёрларига риоя қилинган ҳолда кўп қаватли уйлар ҳовлиларига бассейнларни қайтариш — қиммат иш.

«“Бизнес” ва ундан юқори тоифадаги йирик турар-жой мажмуаларида [ҳовузлар] мавжуд. Ва улар аҳоли учун бепул, чунки у хизмат кўрсатиш нархига киритилган. Бу жуда қиммат ва шунинг учун агар мажмуа катта бўлса, ҳамма харажатлар ҳар бир хонадонга ёйилади ва бу қайсидир маънода мақбул бўлиб чиқади», — деди Аркадий Гершман.
«Агар биз совет тажрибаси, хусусан, Тошкент ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳа, албатта, бундай маданиятни қайта тиклаш яхши бўларди, лекин тушунишимиз керакки, бу билан боғлиқ қийинчиликлар жуда кўп, бу анча қиммат ва бошқарув нуқтаи назаридан муаммоли. Айрим спорт ва болалар майдончаларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ етарли эмаслигини инобатга олиб, қаердадир шундай бассейн пайдо бўлишини тасаввур қилсак, аҳоли тўловлари бир ярим-икки баравар ошиши мумкин. Ва улар бундан хурсанд бўлишларига ишончим комил эмас».
— Аркадий Гершман
Аркадий Гершманнинг фикрига кўра, умумий фаровонлик даражаси кўтарилган ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими ислоҳ қилинганда кўп қаватли уйлар ҳовлиларида сузиш ҳавзалари яна пайдо бўлиши мумкин. Бироқ биринчи навбатда ҳовлиларни тартибга солиб, аҳолини ўз ободончилиги ҳақида ғамхўрлик қилишга ундаш керак бўлади.
реклама
реклама
Янги Ўзбекистон
«Сув билан тўлиқ ва доимий алоқа ўрнатолмасак, ҳаётимиз заифлашади. Аксарият йирик шаҳарларда биз буни қила олмаймиз. Ҳовузлар, кўллар ва қирғоқлар кўп ва биздан узоқда. Сув таъминоти муаммосини ҳам кўриб чиқайлик. Фақат кранни очганимизда сув билан алоқа қиламиз. Кранда сув бўлишини табиий деб қабул қиламиз. Аммо сувни тозалаш ва сув тақсимлашнинг юқори технологиялари қанчалик ажойиб бўлмасин, улар маҳаллий сув ҳавзалари билан алоқа қилиш ва табиатдаги сув айланишини, сув сирини ва унинг чегарасини тушунишга бўлган ҳиссий эҳтиёжни қондиролмайди».

— Кристофер Александер, «Шаблонлар тили»
Ёз кунини шаҳардан чиқмасдан сув бўйида ўтказмоқчи бўлсангиз, чўмилиш учун рухсат берилган жойлар рўйхати сизни хурсанд қилиши даргумон. Бўржар ва Анҳор қирғоқлари хавфли оқимга қарамай, чўмилиш учун энг сўнгги сув ҳавзалари сифатида гавжум. Бассейн ва аквапаркларнинг кўплиги истеъмолчи муаммосини ҳал қилиши мумкин эди, аммо ёз ойларида инсон организми талаб қилганида сув бўйида тез-тез дам олишга ҳамма тошкентликларнинг ҳам қурби етавермайди.

Бундан ташқари, бассейнлар ва сув парклари одамга табиат билан алоқа қилиш ҳиссини бера олмайди. Улар тўсиқлар билан ўралган ва ҳатто минимал табиий элементлардан: қум ва тошлар, уларни оралаб ўсган ўтлар, буталар ва дарахтлардан мосуво. Ҳовузда сузиш машғулотлар ва саломатликни сақлаш билан боғлиқ, аммо инсоннинг узоқ муддатли дам олишига ярамайди. Ҳатто сунъий сув ҳавзаси ҳам инсоннинг табиат билан алоқа қилишга бўлган эҳтиёжини керамика қопламали сунъий тўртбурчаклар ҳовузга қараганда кўпроқ қондириши мумкин.

Табиий сув ҳавзалари, сунъий кўллар ва ҳовузлар бассейнларга қараганда хавфсизроқдир, чунки табиатда сув ва қирғоқ ўртасидаги чегара аста-секинлик билан йўқолиб боради. Инсон қирғоқдан сувга кирганда, у тупроқ ва ўсимликларнинг таркиби ва тузилишидаги маълум бир кетма-кетликда содир бўладиган аниқ ўзгаришларни ҳис қилади. Бундай ўтиш одамлар учун жуда муҳимдир: бу улар ўзларининг хавфсизлиги ҳақида қайғурмасдан аста-секин сув қирғоғи бўйлаб сайр қилиш ёки қирғоқ бўйлаб тўпиққача сув ичида юришлари мумкинлигини англатади. Болаларнинг бундай ҳолатда сувда хавфсиз ҳолда ўйнашлари жуда муҳимдир.

Сузиш ҳавзаси, қаттиқ қиррали ҳар қандай сунъий сув объектида бўлгани каби, бундай силлиқ ўтишдан бутунлай маҳрум. Кескин ўтиш катталарга психологик таъсир кўрсатади, айниқса улар болалари билан дам олаётган бўлишса.
реклама
реклама
Мустақиллик йилларида Тошкент аҳолиси икки бараварга кўпайди, лекин пойтахтда нафақат жамоат пляжлари кўпаймади, балки улар бутунлай йўқ бўлиб кетди. Сўнгги йиллардаги шаҳар боғларини тадбиркорлар ихтиёрига ўтказиш тенденцияси шаҳар ва туман ҳокимиятларининг узоқни ўйламаслигини яққол кўрсатиб турибди. Тез фойда олиш учун узоқ муддатли фойдани — аҳоли саломатлигини, демак, одамларга боғлиқ бўлган иқтисодиётнинг соғлиғини эътиборсиз қолдирамиз.

Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва тадқиқотчиси Ботир Қобилов ўзининг «Боғларни аҳолига қайтаринг» мақоласида Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида шаҳар боғлари ва кўлларининг тезлик билан йўқолиб бораётгани ҳақида ёзганди. Шаҳар боғлари ва сув ҳавзаларига киришнинг нотенглиги ёки бутунлай йўқлиги аҳолининг жисмоний ва руҳий саломатлиги ҳамда меҳнат қобилиятига салбий таъсир қилади, шу билан бирга, ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликни кучайтиради.
«Биз катта ёки кичик ҳар қандай қурилиш лойиҳасини амалга оширишда сув ресурсларини тақсимлаш ва энг яқин сув ҳавзасига уланишни таъминлаш имкониятини синчковлик билан кўриб чиқишни таклиф қиламиз. Бу эҳтиёж қондирилмаса ва сув билан алоқа қилиш имконияти бўлмаса, ҳар бир янги лойиҳа, якка ўзи ёки бошқа лойиҳалар билан биргаликда, ҳеч бўлмаганда, атроф-муҳитда қандайдир сув ҳавзасининг пайдо бўлишига ҳисса қўшиши керак. Шаҳарларда керакли сув объектларини яратишнинг бошқа усули йўқ: бизга бориб, баҳра олишимиз учун сузиш бассейнлари, табиий ва декоратив ҳовузлар, ёмғир суви оқимлари, фавворалар, шаршаралар, шаҳарларда оқиб ўтадиган табиий дарёлар ва анҳорлар, кичик боғ ҳовузлари ва сув омборлари керак»

— Кристофер Александер, «Шаблонлар тили»
Чўмилиш жойларини барпо этиш амалиёти кўплаб шаҳарларда мавжуд. Аркадий Гершманнинг «Газета.uz»га таъкидлашича, булар, қоида тариқасида, шаҳар пляжлари бўлиб, у ерда қутқарувчилар, душ ва ёрдам пунктлари жойлашган. Инфратузилма маҳаллий бюджет томонидан қўллаб-қувватланади. Маблағларнинг бир қисми тадбиркорлар ҳисобидан келади: пляжларда кафелар мавжуд, шезлонглар (тобланиш учун ўриндиқлар – тарж.) ижараси каби пуллик хизматлар кўрсатилади. Шу билан бирга, баъзи шаҳар пляжлари пулли бўлиши ҳам мумкин.
«[Бироқ, бепул пляжларнинг йўқлиги] кўпроқ қарор қабул қилиш, шаҳарни режалаштириш муаммоси. Нима учун парклар ва хиёбонлар бор, лекин сувга кириш имкони йўқ? Бу камчилик ... Паркларда, кўлларда умумий чўмилиш жойларидан бошлашга арзийди. Бир оз бўлса ҳам имконият яратинг. Ва кейин у жамоат мулки бўлади, оммага очиқ. 50 та шундай тармоқни, масалан, кўллар ёки ҳовузларни яратиш — реалроқ вазифадир».
— Аркадий Гершман
Шаҳарларни сув ҳавзалари билан таъминлаш узоқ ва қиммат жараёндир. Аммо аномал иссиқ кунлар ва чанг бўронлари кўпайиб бораётганини ҳисобга олсак, бу ўзбекистонликларнинг келажак авлод фаровонлиги учун зарур бўлган сармоядир. Тошкентдаги мавжуд жамоат сув ҳавзалари вайрон этилмаганида ҳам, улар сони ортиб бораётган аҳоли талабини қондира олмас эди. Қулай яшаш шароитларини яратиш учун шаҳар сув ҳавзалари тармоғини кенгайтириш керак эди. Эртами-кечми шаҳарлар сув ҳавзаларини барпо этиш ғоясига қайтади, фақат афсуски, ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келади.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг