Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни пойтахтдаги қайта таъмирланган Миллий боғга ташриф буюргач, у яна ўз фаолиятини бошлади. «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам қисқа вақт ичида гавжум масканга айланган боғдан фоторепортаж тайёрлашди.

90 йил аввал, яъни 1932 йилда ҳашар йўли билан қурилиб, 2017 йилнинг кузида ёпилган Миллий боғнинг орадан беш йил ўтгач, қандай қиёфага кирганини кўриш учун метро орқали йўл олдик.

Тошкент метросининг «Миллий боғ» бекатидан чиқибоқ, паркка ўша ердаги дарвозадан киришни режалаштиргандик. Афсус, боғдаги аввалги кўл ўрнида қурилиш ишлари олиб борилаётгани туфайли бу ердан киришга тақиқ қўйилган экан. Метродан 300 метр наридаги Адиблар хиёбони дарвозаси орқали паркка киришга қарор қилдик.

Тошкент метросининг «Миллий боғ» бекати ва Миллий боғнинг эски кириш қисми

Адиблар хиёбони оралаб Миллий боғ ҳудуди сари юрарканмиз, чап тарафимиз баннерлар билан тўсилганига кўзимиз тушди. Унинг орқа томони — эски кўл ҳудуди ўрнида эса қурилиш ишлари амалга оширилаётганини техникалар овозидан сезиш қийин эмас. Алишер Навоий ҳайкали пойидан эса қурилиш жараёнини яққол кўриш мумкин.



Ҳайкалнинг ўнг тарафида ўнлаб дарахтларнинг шохлари кесилиб, каллаклаб ташланган манзара ҳар қандай инсоннинг кўзига ташланиши, она табиатни севган кишининг дилини ғаш қилиши шубҳасиз.



«Машҳур гуммахона қайта тикланди»

Миллий боғ директори ўринбосари Шерзод Худоёровнинг таъкидлашича, парк ҳудуди 13 гектарни ташкил этади. Ишлаш тартиби соат 10:00 дан 00:00 гача бўлиб, шу атрофдаги аҳоли ёки соғлом турмуш тарзига риоя қилувчилар учун эса эрталабки соат 06:00 дан очилади. Боғ ҳудудига кириш — бепул.


Миллий боғ директори ўринбосари Шерзод Худоёров

«Мазкур парк олдин ҳам мавжуд эди ва ҳамма учун қадрдон жой бўлган. Аввал ҳам дарахтлар кўп бўлган. Боғнинг таъмирланган қисмига қўшимча равишда 2 мингга яқин турли дарахтлар ўтқазилди, 60 мингдан кўпроқ бута кўчатлари экилди», — дейди у.






Унинг қўшимча қилишича, паркда илгари мавжуд бўлган инфаструктура қайта тикланган. Миллий боғнинг фойдаланишга топширилган қисмида юздан ортиқ ўриндиқлар мавжуд. Бутун парк ҳудудига ландшафт чироқлар ҳамда юзлаб видеокамералар ўрнатилган.

«Олдин кўлнинг лабида гуммахона бўлган, меҳмонлар севиб истеъмол қилган. Ўша гуммахона ҳам қайта фаолият бошлади. Бундан ташқари, иккита овқатланиш шохобчаси фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган», — дейди Шерзод Худоёров.

«Кўлни қайиқда айланиш 20 минг сўм»

Маълум қилинишича, паркдаги кўлнинг умумий майдони 4 гектар бўлиб, унинг ичида иккита оролча қурилган. Кўлда тўртта фаввора мавжуд, улар доимий равишда ишлаб туради. Фаввораларга рангли чироқлар ўрнатилган.

«Кўлни қайиқ орқали айланиш бир киши учун 20 минг сўм этиб белгиланган. Паркимизнинг юраги, албатта, кўл ҳисобланади. Уни озода тутишга катта аҳамият қаратамиз», — дейди Шерзод Худоёров.





Қайд этилишича, кўлнинг энг чуқур жойи 1,5 метрни ташкил этади. Кўл устига қурилган кўприклардан сакраш мумкин эмас.

«Бизнинг ҳамма чора-тадбирларимиз фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Айтиш керакки, одамларни қайиқларга миндириш ва қабул қилиб олиш тайёргарликдан ўтган ходимлар томонидан амалга ошириляпти. Моторли қайиқларнинг барчасини камида уч йиллик тажрибага эга ходимлар бошқаради. Кўриб турибсизлар, нафақат бизнинг ходимлар, балки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари ҳам кўл юзасини мунтазам кузатиб юради, мониторинг ишларини ҳам олиб борамиз», — дейди Миллий боғ директори ўринбосари.






Кўлдан нега бадбўй ҳид келмоқда?

Таъкидланишича, сув сизиб чиқмаслиги ва лойқаланмаслиги учун кўл тубига махсус қопламалар ётқизилган, қирғоқлар тартибга келтирилган. Бироқ боғга Magic City кўнгилочар дам олиш маскани тарафдан кириб, чап томонга кўл бўйлаб юраркансиз, бадбўй ҳид димоққа урилади. Юз метр юргач, кўл устидаги биринчи кўприкдан ўтаётиб ҳам худди шундай ҳидни сезасан киши. Боғ раҳбарияти мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:

«Кўлга сув аввалги эски тизим бўйича келади, яъни анҳордан қуйилиб, яна анҳорга чиқиб кетади. Шуниси аҳамиятлики, бу сафар сув анҳордан олинишдан олдин фильтрдан ўтказилади. Кўлда сасиш ҳолати кузатилишига сабаб — кўлдаги сув охиригача фильтр бўлмаган. Бу сув бир марта тўлиқ туширилади. Бунинг учун эса икки ҳафта вақт кетади ва паркни ёпишимизга тўғри келади. Шу боис ҳаво бирор кун салқин бўлса, ўшанда сувни тўлиқ тушириш режалаштирилган. Кўл фильтрли сув билан тўлганидан сўнг бундай ҳид йўқолади», — дейди боғ раҳбарияти.

Кўлнинг бадбўй ҳид таралаётган қисми



Худди шу атрофда ҳам бир қанча дарахтларнинг шохлари кесилиб, каллаклаб ташланганини кўриш мумкин. Айримлари ҳатто қуриб қолган.

Боғни таъмирлаш жараёнида қанча дарахтга шикаст етказилгани бўйича боғ директори ўринбосари Шерзод Худоёровдан изоҳ сўрадик. У эса: «Менда бу бўйича маълумот йўқ», — дея жавоб қайтарди.


Чўмилиш ҳавзаси қачон ишлайди?

Репортаж тайёрлаш жараёнида гувоҳи бўлдикки, паркда қайиқлардан бошқа аҳоли, айниқса, болалар учун кўнгилочар аттракционлар йўқ. «Барча шарт-шароитлар одамларнинг сайил қилиши учун мўлжалланган», — дея изоҳ берди Шерзод Худоёров.


Унинг таъкидлашича, кўл ҳудудида махсус чўмилиш ҳавзаси ҳам барпо этилган. Аммо у ҳали ишга тушгани йўқ. Ҳозирги вақтда чўмилиш ҳавзасида тест-синови амалга оширилмоқда. Тез кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

«Чўмилиш ҳавзасининг энг чуқур жойи 1,2 метрдан иборат. Инсонларни чўкиб кетмаслиги учун мана шундай чуқурликда барпо этилган», — дейди у.




Алоҳида таъкидлаш керакки, Миллий боғга асосан, учта нуқтадан: Magic City кўнгилочар дам олиш маскани ва Адиблар хиёбони орқали ҳамда Байналминал кўчасида қад ростлаётган Seul mun комплекси рўпарасидаги дарвоза орқали кириш мумкин.