Сенатнинг 42-ялпи мажлисида байроқдан фойдаланишдаги чекловларни юмшатувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, маъқулланди. Мазкур ҳужжат лойиҳаси 3 кун олдин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинганди. Лойиҳанинг ўзи 1 июнда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва 16 июнда якунланган.

Президент қонунни тасдиқласа, давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам фойдаланишга рухсат берилади.

Шунингдек, давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкин.

Давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб-сайтларида давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатилмоқда. Давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида акс эттириш мумкин.

Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги ҳолларда — Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда ҳамда халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда фойдаланишга рухсат берилади.

Шу билан бирга, давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.

Сенат раиси Танзила Нарбаева ушбу ўзгаришга тўхталиб ўтди.

«Бу борадаги тартиб-таомилларни янада эркинлаштириб аниқлаштириш, халқимизнинг хурсандчилик кунларида, хонадонларда байроғимиз ҳилпираб туришига имкон бериш, содда қилиб айтганда, байроғимиз том маънодаги халқ байроғи бўлишига эришишдир. Шу билан бирга, қонун билан байроғимизга нисбатан ҳурматсизлик ва ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка оид аниқ нормалар белгиланаётгани ҳам ниҳоятда муҳим, зеро, гап давлатимиз рамзи ҳақида бормоқда», — деди у.

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури билан таништирар экан, давлат байроғидан эркин фойдаланиш заруриятига ҳам тўхталиб ўтган эди.

Амалдаги президент, давлат байроғидан фақат байрам ва маросимларда ёки спорт мусобақаларида кўтаришда фойдаланилаётгани, эндиликда эса унинг ҳар бир хонадонда хилпираб туришига рухсат берувчи ҳужжатни қабул қилиш вақти етганини таъкидлаганди.

«Парламентдаги депутат ва сенаторлардан бу борадаги ҳужжат лойиҳасини қабул қилишда бугунги ҳаётий заруратни ҳам эътиборга олишларини сўрар эдим», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йилнинг ноябрида ЎзЛиДеП давлат байроғидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни соддалаштириш, жумладан, байроқни уй ва иш жойларига ўрнатишга рухсат бериш ташаббуси билан чиққан эди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф этилганди.