Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси «Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳозирда Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, шунингдек, байрам кунлари марказий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳужжатлари ёки реклама материалларининг реквизитларига байроқ элементларини киритиш тақиқланади. ННТнинг рамзлари байроққа ўхшаш бўлиши мумкин эмас. Байроқ тасвирини акс эттирувчи рамзлардан товарлар, ишлар ёки хизматларни реклама қилишда тижорат мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин эмас.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг байроқдан фойдаланиши қонун ҳужжатларида батафсил кўрсатилмагани сабабли, юқоридаги ҳаракатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203−1-моддаси билан қонунбузарлик деб топилиб, 990 минг сўмдан 2,3 млн сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Қўмита байроқдан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганини «ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишда байроқнинг аҳамияти билан изоҳлади.

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда қуйидаги ҳолатларда ҳам давлат байроғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин:

  • ️байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
  • ️байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
  • ️байроқнинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-кечакни безатиш ёки Ўзбекистонга тегишлиликни белгилаш учун тижорий мақсадларда.

Шу билан биргаликда, байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланмоқда, хусусан:

  • байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
  • бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш (дафн маросимларида фойдаланиш мустасно);
  • столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
  • кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
  • байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
  • байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.

Сешанба куни ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури билан таништирар экан, давлат байроғидан эркин фойдаланиш заруриятига ҳам тўхталиб ўтган эди.

Амалдаги президент, давлат байроғидан фақат байрам ва маросимларда ёки спорт мусобақаларида кўтаришда фойдаланилаётгани, эндиликда эса унинг ҳар бир хонадонда хилпираб туришига рухсат берувчи ҳужжатни қабул қилиш вақти етганини таъкидлаган эди.

«Парламентдаги депутат ва сенаторлардан бу борадаги ҳужжат лойиҳасини қабул қилишда бугунги ҳаётий заруратни ҳам эътиборга олишларини сўрар эдим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йилнинг ноябрида ЎзЛиДеП давлат байроғидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни соддалаштириш, жумладан, байроқни уй ва иш жойларига ўрнатишга рухсат бериш ташаббуси билан чиққан эди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф этилганди.