Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 21 июнь куни Lockton Hub масъулияти чекланган жамиятига Ўзбекистон ҳудудида крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш учун биринчи лицензияни берди.

Lockton Hub МЧЖ таъсисчиси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида рўйхатдан ўтган Lockton Solution LLC-FZ ҳисобланади ва устав капитали 10 миллион сўмни ташкил этади. Корхонанинг техник ҳамкори эса Distributed Lab экани айтилган.

Маълумот ўрнида, крипто-депозитарий — крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот ҳисобланади. Крипто-депозитарий бу соҳада хизматлар кўрсатувчи провайдерларнинг бир тури ҳисобланади. Бундай корхона сифатида фақат Ўзбекистон резиденти ҳисобланган юридик шахслар фаолият олиб бориши мумкин.

Лицензиялаш талаблари ва шартлари доирасида бундай ташкилотлар платформа ва бошқа дастурий таъминотни Ўзбекистондаги серверларга жойлаштириши, крипто-активлар билан боғлиқ барча операциялар бўйича маълумотларни, платформа иштирокчиларининг идентификация маълумотларини, хизматлар провайдерининг платформа иштирокчилари билан муносабатларига оид материалларни (шу жумладан, платформа иштирокчилари ўртасида), хусусан, иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаши шарт ҳисобланади.