Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида Жаҳон метеорология ташкилоти президенти, БАА Миллий метеорология маркази бош директори Абдуллоҳ Ал Мандус билан учрашди, дея хабар берди ТИВ раҳбари ўзининг Telegram`даги каналида.

«БААда ишлаб чиқилган илғор технологиялар ва янги методологиялар, жумладан, ёмғир ҳосил қилиш усули билан танишдик ва уларнинг тажрибасини Ўзбекистонда, айниқса, Оролбўйи минтақасида жорий этиш истиқболларини муҳокама қилдик», — деб ёзади у.

Бахтиёр Саидов БАА иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири Мариям Алмҳейри билан ҳам учрашди. «Сув танқислиги, сувни чучуклаштириш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, янги дарахтзорлар барпо этиш соҳаларида Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазирлиги билан саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ҳамда БААнинг мазкур йўналишлардаги илғор тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратдик», — деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

баа, бахтиёр саидов, ёмғир  ҳосил қилиш, тив

Ёмғир ҳосил қилиш усули — қуруқ ҳудудларда ёғингарчиликни кўпайтириш учун об-ҳавони сунъий равишда ўзгартириш жараёни ҳисобланади. 1990 йилда БАА ушбу усулдан фойдаланган ҳолда ёғингарчиликни ошириш бўйича тадқиқот дастури (UAEREP)ни бошлаган.

Булутлар самолётлардан чиқарилган калий хлорид ва натрий хлорид каби табиий тузлар билан ҳосил қилинади, улар сув зарраларини ўзига тортади, бир-бири билан бирлашади ва оғирлашади, сўнгра ёғингарчилик пайдо бўлади.