2023 йил январь-май ойларида Ўзбекистоннинг асосий экспорт ҳамкорлари орасида АҚШ 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилди. Статистика агентлигининг ушбу ойлардаги ташқи савдо бўйича дастлабки маълумотларига кўра, мамлакатнинг Қўшма Штатларга экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 бараварга кўпайди.

Йилнинг дастлабки 5 ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 25,8 млрд АҚШ долларига етди ва 2022 йилнинг январь-май ойларига нисбатан 5,2 млрд долларга ёки 25,4 фоизга ошди.

Экспорт ҳажми 10 млрд 511,5 млн долларга (2022 йилнинг январь-май ойларига нисбатан 24,1 фоизга кўпайган), импорт ҳажми эса 15 млрд 306,2 млн долларга (26,4 фоизга кўпайган) етди. Ташқи савдо баланси -4 млрд 794,7 млн долларни ташкил этди. Бу 2022 йилнинг мос даврига қараганда 1,1 млрд долларга кўп.

Давлатлар билан савдо

Мамлакатнинг бу даврдаги ташқи савдо бўйича асосий ҳамкорлари Хитой (17,6%), Россия (14,9%), Қозоғистон (7,5%), Туркия (5%), Жанубий Корея (4%), Германия (3,5%) ва Қирғизистон (1,6%) бўлди.

Асосий ҳамкорлар орасида Ўзбекистоннинг Туркия билан ташқи савдоси ҳажмида камайиш кузатилди. Кўрсаткич 2022 йилнинг мос давридаги 1 млрд 435,4 млн доллардан 1 млрд 285,5 млн долларгача пасайди. Бунда импорт ҳажмида ўсиш сақланиб қолган бўлса, экспорт 536,3 млн долларгача пасайиб, 2021 йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан ҳам тушиб кетди.

АҚШнинг асосий экспорт ҳамкорлари орасида 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилгани ҳам эътиборга молик. Ўзбекистоннинг Қўшма Штатларга экспорти 2023 йилнинг январь-май ойларида 71,9 млн долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 баравар (301,6 фоизга) кўпайди, импорт эса деярли ўзгаришсиз қолди (2022 йил январь-май ойларида 192 миллион, 2023 йилнинг мос даврида 185 миллион).

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатдан учтаси билан ижобий ташқи савдо баланси қайд этилди. Мамлакат Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистонга импортдан кўра кўпроқ экспорт қилди. Қолган 17 та давлат билан манфий ташқи савдо баланси сақланиб қолди.

2023 йил январь-май ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 32,3 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасидаги улуши 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 фоизга камайди.

Экспорт

Экспорт таркибида энг кўп улуш олтин (41,6 фоиз), хизматлар (16,9 фоиз) ва саноат товарлари (16,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келяпти. Олтиннинг экспортдаги улуши 2022 йилнинг мос даврида 35,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 41,6 фоизгача ошди.

Тўқимачилик маҳсулотлари бўйича 1 млрд 278,9 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, бу умумий экспортнинг 12,2 фоизини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга камайди. Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида ип-калава (41,4 фоиз), тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (40,4 фоиз) асосий улушни эгаллади.

Импорт

Импорт таркибида энг юқори улуш машина ва транспорт асбоб-ускуналари (38,9 фоиз), саноат товарлари (15,9 фоиз), ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Импортда энг юқори ўсиш суръати минерал ёқилғи, ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш материалларда (71,7 фоиз) қайд этилди.

Кўмир, кокс ва брикетлар импорти 1,5 бараварга ошиб, 69,1 млн долларга етди. Нефть, нефть маҳсулотлари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар импорти 76,2 фоизга кўпайиб, 852,4 млн долларни ташкил этди. 2023 йилнинг дастлабки 5 ойида мамлакат 153,1 млн долларлик газ, 59,4 млн долларлик электр энергияси импорт қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон май ойида газ қазиб олишни камайтирганига қарамасдан, Хитойга экспортни оширгани хабар қилинганди. Қиймат жиҳатидан етказиб бериш 78,16 млн долларгача ошган, бу апрель ойига нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми эса, аввал хабар қилганимиздек, пасайишда давом этмоқда.