Нодиржон Холбўтаев Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Нодир Жонузоқович (Нодир Жонузоқ тахаллуси билан шеърлар ёзади) 1976 йилда Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган.

«Ёшлик» журнали бош муҳаррири сифатида фаолият юритган. 2018 йилдан Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари, 2019 йил декабрь ойида уюшма раисининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият олиб борган.

2022 йил апрель ойида президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган. Шу йилнинг декабрь ойида яна Ёзувчилар уюшмасига қайтиб, раиснинг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлай бошлаган.

Департамент ҳақида

Президентнинг 2022 йил охиридаги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармони билан бекор қилинган Давлат тилини ривожлантириш департаменти 4 ой ўтиб — апрелда қайта ташкил этилган. Ҳужжат давлат тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини ошириш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаш доирасини кенгайтириш, замонавий илм-фан ривожида давлат тилининг ўрни ва ролини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Департаментнинг ўзи илк бор 2021 йил 21 октябрда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кунида ташкил этилган. 2022 йилда департамент Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментига айлантирилган.