Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида яна Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилмоқда. Бу президентнинг 20 апрелдаги ҳукумат ижро этиш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Ҳужжат давлат тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини ошириш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаш доирасини кенгайтириш, замонавий илм-фан ривожида давлат тилининг ўрни ва ролини ошириш мақсадида қабул қилинди.

Департамент ташкил этилиши муносабати билан қўшимча ажратилаётган штат бирликлари президенти Администрациясининг 5 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан киритилади.

Шу тариқа президентнинг 21 декабрдаги Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш тўғрисидаги фармони билан тугатилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти қайта пайдо бўлди.

Департаментнинг ўзи илк бор 2021 йил 21 октябрда, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги кунида ташкил этилган. 2022 йилда департамент Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментига айлантирилган.