Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги [270-сон] қарори билан Шукуров Собир Сайфиевич Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланди, деб хабар берди ЎзА.

У бунга қадар Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Шунингдек, у Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида турли масъулиятли лавозимларда меҳнат қилган.

2019 йилдан 2021 йилга қадар департаментга (ўшанда у Давлат тилини ривожлантириш департаменти деб номланарди, президентнинг 2021 йил апрелдаги фармони билан унинг номи ўзгартирилди) Абдуғаффор Қирғизбоев раҳбарлик қилган. Ҳозирда у Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори лавозимида ишламоқда.

Маълумот ўрнида, мазкур департамент президентнинг 2019 йил 21 октябрдаги фармонига асосан ташкил этилганди. Унинг асосий вазифалари давлат тилини ривожлантириш, ундаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, ўзбек тилининг ёзма нутқ нормалари ва қоидаларини ривожлантиришни жадаллаштириш, шунингдек, лотин графикаси бўйича ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш, давлат тилидан фойдаланишдаги муаммоларни аниқлаш ва бошқалардан иборат.