Фарғона вилоятида мушукни қафасга қамаб, тириклайин ёқиб юборган ва жараённи тасвирга туширган уч нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан БҲМнинг 3 баравари миқдорида (990 000 сўм) жаримага тортилганди.

««Меҳр ва оқибат» ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти муҳофаза қилувчи ходимларга тезкорликлари учун ўз миннатдорлигини билдирган, бироқ шахсларнинг даҳшатли ҳаракатлари нотўғри баҳоланган, деб ҳисоблаган. «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисмига кўра, ҳайвонларнинг ўлимига ёки жароҳатланишига сабаб бўлган ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади», — дейилганди жамият хабарида.

Шундан сўнг Қувасой шаҳри прокурорининг протести билан суд қарори бекор қилинган. Бош прокуратура ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 2-қисми (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) ҳамда 189−1-моддаси (Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) билан расмийлаштирилган маъмурий баённома мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилиши таъминланганини маълум қилганди.

Олий суд ахборот хизматига кўра, 21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳри судида 1983 йилда туғилган М.А., 1995 йилда туғилган А.А. ва 2005 йилда туғилган А.А.га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

Суд қарорига кўра, М.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 2-қисми ва 189−1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга ушбу кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, А.А.га 5 сутка, А.А.га 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.