Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (ИНҲҚХМ) Россиянинг МТС мобил операторининг Туркманистонга қарши даъвосини кўриб чиқишни якунлади.

ИНҲҚХМ сайтидаги маълумотларга кўра, иш бўйича қарор 14 июнь куни қабул қилинган, аммо унинг натижалари эълон қилинмаган. Туркманистон томонини ҳимоя қилувчи Squire Patton Boggs юридик фирмаси 15 июнь кунги баёнотида Туркманистон томони ишда ғалаба қозонганини хабар қилди.

Squire Patton Boggs баёнотида айтилишича, арбитраж суди МТС`нинг 2 миллиард долларлик даъвосини рад этган. Бундан ташқари, уяли алоқа компанияси Туркманистонга 11 миллион доллардан ортиқ суд харажатларини қоплаб бериши белгиланган.

МТС 2017 йил сентябрида «Туркментелеком» давлат телекоммуникация компанияси операторнинг частоталардан фойдаланиш рухсатномалари ва ижара шартномаларини янгилашдан бош тортганидан кейин Туркманистон бозоридан мажбурий равишда чиқиб кетгани ҳақида эълон қилган эди.

2018 йилда MTC Туркманистон устидан даъво билан ИНҲҚХМга мурожаат қилган. Оператор мамлакат ҳукумати унинг Россия ҳукумати билан келишувда мустаҳкамланган хорижий инвестор сифатидаги ҳуқуқларини бузганини қайд этган. Компания ўз йўқотишларини 750 миллион долларга баҳолаган. 2019 йилда оператор ўзининг молиявий даъволари миқдорини икки баравар ошириб, 1,5 миллиард долларга етказгани маълум бўлди. Даъво миқдори Squire Patton Boggs баёнотида кўрсатилганидек қачон 2 миллиард долларга ошгани номаълум.

Squire Patton Boggs`нинг маълумотларига кўра, ИНҲҚХМ «МТС`нинг барча даъволарини бир овоздан рад этган» ва операторда Туркманистонда шартнома узайтирилишини кутишга «ҳуқуқ ва қонуний асослар бўлмаган» деган қарорга келган. Шунингдек, арбитраж «Туркманистон МТС фаолиятига нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этмаган» деб топган.