Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 18 июнь куни Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базпош билан учрашди, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» транспорт мультимодал коридорини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, улар яқин вақт ичида Эрон томонидан юкларни автомобиль транспортида ташиш учун Ўзбекистон миллий ташувчиларидан ундириладиган тўловларни паритет асосда камайтириш, шунингдек, ёқилғи учун солиқ тўловларини бошқа давлатларники билан тенглаштириш бўйича ҳужжатни келишиб олди.

Бундан ташқари, томонлар Эрон-Ўзбекистон логистика марказини ташкил этиш, шунингдек, Эроннинг Чобаҳор ва Бандар-Аббос портларида ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида терминал ва омборлар қуриш бўйича келишувга эришди.