16 июнь куни Олий Мажлис Сенатида Хоразм вилоятидан бўшаб қолган ўрин учун сайлов бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Урганч шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биносида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев иштирок этди.

Сайлов яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилди. Натижаларга кўра, вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Сенат аъзолигига сайланди.

Маълумот учун, президент фармони билан Жўрабек Раҳимов 2022 йил декабрь ойида Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Март ойи охирида эса вилоят ҳокими этиб тасдиқланган. Бунга қадар 2019 йил 11 февралдан буён Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Сирдарё вилояти ҳокими Акмал Маҳмудалиев ҳам сенатор бўлганди.