Шавкат Мирзиёев 31 март куни Қорақалпоғистондан Хоразм вилоятига келди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Урганч шаҳрида Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши сессияси қатнашди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Президент Хоразм вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Раҳимов Жўрабек Раҳимович номзодини тавсия этди.

Номзоднинг режалар тақдимотидан сўнг ҳоким тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Унга кўра, Жўрабек Раҳимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Президент фармони билан Жўрабек Раҳимов 2022 йил декабрь ойида Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. У 2019 йил 11 февралдан Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимида ишлаётган эди.

Маълумот учун, Жўрабек Раҳимов 1981 йилда Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Қўшкўпир тумани ҳокими бўлгунга қадар Хоразм вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ва Боғот тумани ҳокими сифатида фаолият юритган.

Аввалроқ президентнинг тегишли фармони билан 2018 йилдан буён Хоразм вилояти ҳокими сифатида ишлаб келаётган Фарход Эрманов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.