Олий Мажлис Сенатида Сирдарё вилоятидан бўшаб қолган ўрин учун сайлов бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги вилоят ҳокимлиги биносида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев иштирок этди.

Сайлов яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилди. Сайлов натижаларига кўра, вилоят ҳокими Акмал Маҳмудалиев Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам сенатор бўлганди.

Маълумот учун, апрель ойида Шавкат Мирзиёев иштирокидаги сессияда Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига 2022 йил ноябрь ойидан бери ҳоким вазифасини бажариб келаётган Акмал Маҳмудалиев номзоди тасдиқланганди.