15 июнь куни Нью-Ёрк шаҳрида Ўзбекистон билан Тринидад ва Тобаго мамлакати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати. Бу Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 144 давлат бўлди.

Ҳужжатни икки мамлакат ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Тринидад ва Тобагонинг БМТдаги доимий вакили Деннис Френсис имзолади.

«Тринидад ва Тобаго ҳамда Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қарорини дунё ва халқаро ҳамжамиятга расман эълон қилган кун келганидан хурсандман. Биз буни Марказий Осиё минтақасининг муҳим аъзоси бўлган Ўзбекистон билан узоқ ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг бошланиши деб биламиз», — деди Деннис Френсис коммюникени имзолаганидан кейин.

Тринидад ва Тобаго Жанубий Американинг шимоли-шарқий соҳилида жойлашган, Британия Ҳамдўстлиги, шунингдек, Америка Давлатлари Ташкилотига аъзо ҳисобланади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

«Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги янги қадам бўлди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Сьерра-Леоне билан дипломатик муносабатлар ўрнатганди.