28 апрель куни Нью-Йоркда (АҚШ) Ўзбекистон билан Сьерра-Леоне Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммунике имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Сьерра-Леоне Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 143-давлатга айланди. Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Сьерра-Леоненинг БМТдаги доимий вакили Алхаджи Фанд Турай имзолади.

Ушбу давлат Ғарбий Африкада Атлантика океани соҳилида жойлашган, Британия Ҳамдўстлиги, ИҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа халқаро ташкилотларга аъзоси ҳисобланади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

2022 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Гайана Кооператив Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатганди.