Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилиб, якунда ҳоким вазифасини бажариб келаётган Акмал Азимжонович Маҳмудалиев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев унинг номзодини лавозимга тавсия этган.

Номзод ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режаларини тақдимот қилгач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилган. Натижаларга кўра, Акмал Махмудалиев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди. Кейинроқ уни лавозимга тайинлаш бўйича президент фармони имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида президент фармони билан Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган Акмал Маҳмудалиев Сирдарё вилоятининг ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Акмал Маҳмудалиев 1974 йилда туғилган.

1995 йилда у Самарқанд кооператив институтининг бухгалтерия ҳисоби факультетини, 2005 йилда Тошкент кимё-технология институтининг дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультетини тамомлаган.

2009−2013 йилларда Давлат дон инспекцияси Фарғона ҳудудий бўлими бош давлат дон инспектори, 2013 йилдан 2018 йилгача Давлат дон инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2018 йилда Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими бўлган.