14 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловига бағишланган мажлисида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилиш кўриб чиқилди.

Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда ногиронлар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди ҳамда ушбу трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш чоралари белгиланди.

Мажлисда ногиронлар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакили кўзи ожизлар кўп яшайдиган ҳудудлардаги сайлов участкаларига трафаретлар сонини иккитадан эмас учтадан берилишини таклиф қилди. Бу таклиф мажлис иштирокчилари томонидан маъқулланди.

Мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатувчи миссияси вакили аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 159 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 554 нафарни ташкил этмоқда.