Қашқадарёда археологик ёдгорликка зарар етказган икки фуқарога 47 млрд 500 млн сўмдан зиёд жарима, улардан бирига озодликни чеклаш жазоси қўлланди, дея хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.

2022 йил август ойида Яккабоғ туманида яшовчи 2 фуқаро «Дархон» МФЙ ҳудудида жойлашган Кунжутлитепа археология ёдгорлигини бузиб ташлаган.

Маданий мерос агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари бузишни тўхтатиш ҳақидаги огоҳлантириш берган. Лекин, шунга қарамай, фуқаролар ёдгорлик ҳудудидаги баландлиги 4 метр, эни 22 метр бўлган тепалик тупроғини суриб ташлаган. Оқибатда объект қайта тикланмайдиган даражага келиб қолган.

Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди ишни кўриб чиқди. Ҳал қилув қарорига кўра, фуқаролардан бири Жиноят кодексининг 28, 132-моддаси 3-қисмида (Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил 6 ойга озодлиги чекланди.

Унинг шеригига ҳам Жиноят кодексининг 132-моддаси 3-қисми бўйича жазо қўлланди. Уларнинг икковидан шерикчилик тартибида етказилган 47 млрд 520 млн сўмлик зарарни ундириш белгиланди.