Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида президент Абай вилояти ҳудудида рўй берган ўрмон ёнғини оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Тоқаев ва қардош Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди.

Табиий офатга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр экани билдирилди.

Президентлар икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Маълумот ўрнида, Абай вилоятида 8 июнь куни бошланган ўрмон ёнғини оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Россия билан чегарадош вилоятда содир бўлган ёнғин майдони 60 минг гектардан ошиқни ташкил этган. Мамлакатда 12 июнь миллий мотам куни деб эълон қилинди.