Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Абай вилоятида содир бўлган йирик ўрмон ёнғинлари оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва катта зиён кўрилгани муносабати билан Қасим-Жомарт Тоқаевга ва қардош халққа таъзия йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди», — дейилади хабарда.

Ўрмон ёнғинлари ҳақида

Tengrinews маълумотига кўра, Абай вилоятида 8 июнь куни бошланган ўрмон ёнғини оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Россия билан чегарадош вилоятда содир бўлган ёнғин майдони 60 минг гектардан ошиқни ташкил этган.

Шу муносабат билан мамлакатда 12 июнь миллий мотам куни сифатида белгиланди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ёнғин ҳали тўлақонли бартараф этилгани йўқ, у Абай вилоятидаги яна бир қишлоққа яқинлашмоқда. Қишлоқлар аҳолиси табиий офат ҳудудидан эвакуация қилинмоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаев ёнғинга тўхталиб, давлат раҳбари сифатида бўлиб ўтган воқеа учун узр сўради.

«Бу жуда оғир эканини тушунаман. Сиз боқувчингиз, оила бошингиз, энг яқинингизни йўқотдингиз. Лекин, афсуски, ҳаётда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Бўлиб ўтган ишларни оқлаб бўлмайди. Яна бир бор такрор айтаманки, сизга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилади», — дейди у йирик ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ўрмон хўжалиги ходимларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирар экан.

Тезкор штаб йиғилишидан сўнг Тоқаев ёнғинларни бартараф этишда иштирок этаётган қутқарувчилар ва кўнгиллилар билан суҳбатлашди.

«Ҳозиргина маҳаллий аҳоли билан учрашдим. Улар ҳукуматга нисбатан мутлақо адолатли танқид ва шикоятлар билдирди. Вазият жуда жиддий. Шундай экан, биз бир халқ, бир миллат бўлиб бирлашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Барчага ўз миннатдорлигимни билдираман. Сизнинг меҳнатингиз давлат эътиборидан четда қолмайди», — дея таъкидлади президент.