Ўзбекистонда кузатилаётган кескин иссиқ об-ҳаво сабабли поездлар ҳаракати тезлигига чекловлар жорий этилади, дея хабар бермоқда «Ўзтемирйўловчи» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳарорат кўтарилиши оқибатида ер усти темир йўлларининг рельслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлади. Шу боис, йўловчилар ва поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида поездлар ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилади.

«️Ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилган поездлар совитиш тизимининг ишлаш қуввати ҳам пасайиши мумкин. Компания ўз мижозларидан аномал иссиқлик туфайли юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўрайди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳаво исиши сабабли Тошкент метрополитенининг ерусти йўналишларида ҳам ҳаракат тезлиги пасайтирилиши маълум қилинганди. Рельслар ҳарорати +60 даража бўлганда, тезлик 40 км/соатдан, +65 даражада 25 км/соатдан ошмайди.

Ўзгидромет прогнозига кўра, бу йилги июнь ойида ҳарорат меъёрдан 2−3 даража иссиқроқ бўлади. Ойнингиккинчи беш кунлигидаги +37…+40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +40…+43 даражагача кўтарилган ҳарорат иккинчи ўн кунлик бошигача сақланиб туради.