Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифининг иккинчи кунида Милан шаҳрида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Италия шимолида жойлашган Ломбардия мамлакатнинг аҳоли сони ва майдони бўйича энг йирик ҳамда иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоят республика ялпи ички маҳсулотининг 22 фоизини таъминлайди ва бу кўрсаткич бўйича Европа Иттифоқида бешинчи ўринни эгаллайди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари Аттилио Фонтанани губернатор этиб қайта сайлангани билан табриклади ва ушбу лавозимдаги фаолиятига муваффақият тилади.

Учрашувда, аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. 2022 йилда Ўзбекистон ҳудудларининг Ломбардия билан товар айирбошлаш ҳажми 83 фоизга ошгани, апрель ойида Милан ва Тошкент ўртасидаги авиақатновлар қайта тиклангани қайд этилди.

италия, Ломбардия, шавкат мирзиёев, Аттилио Фонтана

Таъкидланишича, ҳудуднинг Pietro Fiorentini, Terranova, Danieli, Fin. Opera каби етакчи компаниялари билан мустаҳкам шериклик алоқалари йўлга қўйилган.

Ўзбекистон президенти қўшма савдо ва инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технология ва билимларини Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Ломбардия билан кенг ҳамкорлик дастурини тез фурсатда тайёрлаш, Самарқандда қўшма инвестиция форумини ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

италия, Ломбардия, шавкат мирзиёев, Аттилио Фонтана

Саноат кооперациясини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини илгари суриш учун қулай шароитлар яратиш, тиббиётда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, инновацияларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шу жумладан, Маданият кунларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Губернатор мамлакат ҳудудлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликка кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади. Учрашув якунида давлат раҳбари Аттилио Фонтанага 2026 йилда Ломбардияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда муваффақият тилади.

италия, Ломбардия, шавкат мирзиёев, Аттилио Фонтана

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелла Римдаги музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар алоқаларни ривожлантириш, Афғонистондаги вазият ва бошқа масалаларни муҳокама қилганди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти ва Италия Вазирлар Кенгаши раиси Римда Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация ва мамлакатлар ўртасида 11 та ҳужжат имзоланган.