Римдаги Квиринал саройида 8 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Президентлар куни кеча якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этдилар.

Гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Италиянинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма ташкил этишга келишиб олинди.

италия, рим, сержо маттарелла, шавкат мирзиёев

Бундан ташқари, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тошкентда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли ишламоқда. Кетма-кет уч йил Ўзбекистон Венециядаги Халқаро биенналеда иштирок этиб келмоқда.

Йил бошидан мамлакатимизга келаётган италиялик сайёҳлар сони 5 карра кўпайди. Жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани туристлар оқимининг ошишига хизмат қилади.

Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, энг аввало, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Сержо Маттареллани мамлакатга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Шавкат Мирзиёевнинг Италияга расмий ташрифи давом этмоқда. 9 июнь куни Ўзбекистон президентининг Миланга сафари режалаштирилган.