Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Римдаги Кижи саройида Италия Вазирлар кенгаши раиси Жоржа Мелони билан музокара ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

жоржа мелони, италияШавкат Мирзиёев Италия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли шериги экани, кейинги йилларда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик фаоллашганини қайд этди.

Ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари Ўзбекистон-Италия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришда янги муҳим босқичнинг бошланиши бўлишига ишонч билдирилди.

Шавкат Мирзиёев ва Жоржа Мелони муносабатларни устувор йўналишларда янада мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш асосий вазифа экани таъкидланди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.

Маданият, итальян тилини ўрганиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди.

Бош вазир Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади ҳамда «Италия — Марказий Осиё» ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирди.

жоржа мелони, италияАфғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилар экан, афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни, шу жумладан Термиздаги логистика маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Имзоланган ҳужжатлар

Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти ва Италия Вазирлар Кенгаши раиси икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация қабул қилдилар.

Икки давлат раҳбарлари иштирокида, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 11 та ҳужжат алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ҳуқуқий масалалар, саноат мулки ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликка оид битимлар шулар жумласидандир.

жоржа мелони, италия

Шунингдек, Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги билан Италия Реставрация бўйича савдо агентлиги, Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Италия Маданият вазирлиги ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023−2024 йиллардаги ҳамкорлик ҳамда 2026 йилгача бўлган даврга мўлжалланган маданий алмашинув дастурлари имзоланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержио Маттарелла билан музокара ўтказган эди.

Ўзбекистон президенти ташрифи арафасида икки давлат бизнес-форумида умумий қиймати 9 млрд евродан ортиқ бўлган сармоявий битимлар ва савдо шартномалари тўплами имзоланди.

9 июнь куни Ўзбекистон президентининг Миланга сафари белгиланган.