Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистон Марказий банкидаги ёшлар билан учрашувида мамлакатдаги сув тақчиллиги бўйича саволга жавоб бериб, ХВЖ мамлакатларга биринчи навбатда сув ресурсларининг тўғри нархланганига ишонч ҳосил қилиш борасида тавсия беришини айтди. Шунингдек, у Марказий Осиё мамлакатларининг сув бўйича ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлади ва Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовдан Ўзбекистондан сув бўйича нарх сиёсати қандай эканини сўради.

Учрашув иштирокчиларидан бири Кристалина Георгиевага Марказий Осиё минтақасида жиддийлашиб бораётган сув танқислиги муаммосига ХВЖнинг нуқтаи назари қандай экани бўйича савол берди. Шунингдек, ХВЖ бошқарувчи директоридан маҳаллий ҳокимият органлари ушбу муаммонинг салбий оқибатларининг олдини олиш учун қандай чоралар кўриши кераклиги бўйича шахсий фикри сўралди.

Кристалина Георгиева дастлаб глобал иқлим ўзгариши бу муаммони жиддийлаштираётгани ҳақида гапирди.

«Биз глобал миқёсда кескин об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайишига дуч келмоқдамиз. 2020 йил барча қитъаларда иқлим билан боғлиқ офатлар кузатилган биринчи йил бўлди. Ҳеч қайси қитъа бундан четда қолмади. Ва, албатта, иқлим ўзгариб бораётган дунёда шундоқ ҳам танқис бўлган сув янаям танқислашиши ойдинлашиб бормоқда», — деди у.

ХВЖ бошқарувчи директори ташкилот мамлакатларга биринчи навбатда бу ресурснинг тўғри нархланганига ишонч ҳосил қилишни тавсия қилишини айтди. «ХВЖда биз сув иқтисодиётини ўрганяпмиз ва мамлакатларга доимий равишда тавсия қиладиганимиз биринчи навбатда ушбу ресурсларнинг тўғри нархланганига ишонч ҳосил қилишдир. Чунки, агар бундай бўлмаса, у исроф қилинади», — деди Кристалина Георгиева.

Иккинчи масала сифатида у Марказий Осиё мамлакатлари сув масаласида бир-бирига боғланганига эътибор қаратди.

«Иккинчидан, Марказий Осиё минтақасида сувни ўзаро бўлишасизлар ва сизда шундай ноёб вазият мавжудки, Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон сув манбаларининг қуйи оқимига боғлиқ ҳисобланади. Соғлом ҳуқуқий асосга ва ўзаро келишувга асосланган ҳамкорлик бу ресурсларни жойлаштиришда стратегик йўналиш экани учун жуда муҳим. Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон манфаатларини таъминловчи, бу умумий ресурсдан биргаликда фойдаланиш имконини берувчи баъзи қўшма лойиҳалар ҳақида эшитганимдан хурсанд бўлдим», — деди у.

Шунингдек, Кристалина Георгиева жамоатчиликни бу муаммога жалб қилиш, сувни асраш, шунингдек, сувни бошқаришни жамият даражасига етказиш, сувнинг қадр-қиммати ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш кампаниялари кераклиги ҳақида ҳам гапириб ўтди. Нутқи давомида у ёмғир сувларини йиғиш масаласига ҳам тўхталди.

«Ёмғир сувларини йиғиш масаласида ҳам ҳали кўп иш қилиш мумкин. Ундан сўнг йиғиб олинган сувнинг энг яхши усулда жойлаштирилиши учун энг яхши шаклда йўналтирилганига ишонч ҳосил қилиш керак. Ўзбекистонда ҳам бу масалада бир қанча ишлар қилинаётганини кўряпман. Лекин янада кўпроқ нарса қилиш мумкин. Умуман олганда, сизга сув бўйича иқтисодий, сиёсий нуқтаи назардан келажакда қандай чоралар кўриш юзасидан тўғри йўлни ўз ичига олувчи яхлит ёндашув зарур. Тинч Марказий Осиё сув қадрланадиган ва адолатли тақсимланадиган Марказий Осиё бўлади», — деди ХВЖ бошқарувчи директори.

Шундан сўнг Кристалина Георгиева Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовдан Ўзбекистонда сув бўйича нарх сиёсати қандайлигини сўради.

кристалина георгиева, марказий банк, сув танқислиги, хвж

«Бир сўз билан айтганда, бозорга ҳали ўтилмаган. Ҳозирча сувнинг нархи бозорда шаклланишига ўтишни ўйлаяпмиз. Ҳозирча фақат биринчи қадамлар қўйилди», — деб жавоб берди бу саволга регулятор раҳбари.

Жавобининг якунида Кристалина Георгиева сув қадрланмаса, яхши натижаларга эришиш қийин бўлишини билдирди.

«Бу, албатта, ислоҳоти кутилаётган соҳа. Буни жуда эҳтиёткорлик билан, ижтимоий оқибатлари ҳақида ўйлаб амалга ошириш керак. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича яхши таргетланган тажриба мавжуд. Бу сув масаласида ҳам амалга оширилиши мумкин. Аммо шуни айтмоқчиманки, агар ўзимиз сувни қадрли деб ҳисобламасак ва кўрсатмасак, яхши натижаларга эришиш қийин бўлади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МҲТИ экспертлари Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли борлигини қайд этганди. Шунингдек, Қирғизистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Таалайбек Ибраев 2021 йилда Тоқтогул сув омборининг сув сатҳи «ўлик чегара» даражасигача тушиши эҳтимоли катталиги туфайли Марказий Осиё давлатларини кутилаётган сув танқислигидан огоҳлантирганди.