Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Тоқтогул сув омборининг сув сатҳи «ўлик чегара» даражасигача тушиши эҳтимоли бор.

Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика ва саноат вазири ўринбосари Таалайбек Ибраев Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашининг йиғилишида маълум қилган.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ахборот хизматининг ёзишича, мазкур йиғилишда шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳамда Россия Федерациясининг тегишли тузилмалари раҳбарлари ҳам қатнашган.

«Бу ҳолат минтақада келгуси йил вегетация даврини муваффақиятли ўтишга имкон бермайди ва ўз-ўзида маълумки, Тоқтогул сув омборига туташ дарёлар оқиб ўтадиган қўшни мамлакатларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатади», — деди қирғизистонлик вазир ўринбосари.

Таалайбек Ибраевнинг таъкидлашича, «вазиятни ўнглаш учун Қирғизистон электр энергетика тизимига қўшни давлатлардан ёрдам олиш зарурияти мавжуд».

Бундан ташқари, муҳокамалар давомида асосий эътибор Марказий Осиё энергия ресурслари танқислиги ва ошиб бораётган нархлар, ҳамкорликдаги фаолият, минтақада сув танқислиги муаммоларига қаратилган.

Тоқтогул сув омбори Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган бўлиб, 1973 йилда қуриб битказилган ва умумий майдони 284 квадрат кмни ташкил қилади. Норин дарёсига Тоқтогул ГЭС плотинаси қуриш орқали ҳосил қилинган, сиғими 19,5 км кубдан иборат.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 30 мартида сув сатҳи 8,742 млрд кубга қадар пасайган ва айни вақт ҳам пасайишда давом этмоқда.