Жиноят ишлари бўйича Косон туман судида жорий йилнинг апрель ойида 14 ёшли қизини калтаклаган отага оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Аниқланишича, Р. Т. охирги бир йил давомида муттасил равишда ўзининг 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизини ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб-дўппослаб, қийнаб келган.

Суд ҳукмига мувофиқ Р. Т. Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган мазкур ҳолатда қизни калтаклашда унинг 1982 йилда туғилган ўгай онаси ҳам иштирок этган.

Аввалроқ қиз маҳалла қаромоғига олиниб, хавфсизлиги таъминлангани, уни васийликка бериш масаласи кўриб чиқилаётгани хабар қилинган эди.