Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими14 ёшли қизнинг отаси ва ўгай онаси томонидан калтаклангани юзасидан муносабат билдирди.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, Косон тумани «Қорабайир» маҳалласида яшовчи фуқаро Р. Тошев (вақтинча ишсиз, мавсумий ишлар билан банд) 2002 йилда Г. Сайидова билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмушлари давомида бир ўғил, бир қиз фарзандли бўлишади. Бироқ Г. Сайидова 2018 йилда автоҳалокатга учраб вафот этади. Р. Тошев шаърий никоҳ асосида М. Муйсинова билан турмуш қуради ва унинг ҳам икки нафар фарзанди бор.

«Воқеа содир бўлган куниёқ мазкур воқеадан маҳалла ходимлари, туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими хабар топиб, туман ички ишлар органларига отанинг ҳаракати бўйича хабар берилган, ўша куниёқ экспертиза тайинланиб, ҳозирги кунда хулосалари кўриб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда қиз маҳалла қарамоғига олинган ҳамда унинг хавфсизлиги таъминланган. Шунингдек, бола ва отанинг розилиги асосида уни васийликка бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ қизнинг отаси руҳий касалликлар диспансерига текшириш учун юборилгани маълум қилинган эди.