Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида вояга етмаган қиз отаси-онаси томонидан калтакланаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумот берди.

Маълум бўлишича, 16 апрель куни тахминан соат 11:30 да Косон тумани «Қорабайир» маҳалласида яшовчи 2009 йилда туғилган Х.Г. онаси — 1982 йилда туғилган М.М. ҳамда отаси — 1978 йилда туғилган Т.Р. томонидан калтакланган.

Ҳолат вояга етмаган қизнинг амакиси томонидан видеотасвирга олиниб, ички ишлар органларига хабар берилган.

Ҳозирда воқеа иштирокчиларининг барчаси аниқланиб, терговга қадар текширув ишлари бошланган.

Вояга етмаган қизнинг отаси Т.Р. руҳий касалликлар диспансерига текшириш учун юборилган. Жабрланувчи Х.Г.га нисбатан етказилган жароҳатларни аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган.