АҚШ раҳбари Жо Байден давлат қарзининг юқори чегарасини вақтинча олиб ташлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Президент бу қонунни имзолаши орқали АҚШ ўз тарихидаги биринчи дефолтдан қутулиб қолди. Агар давлат қарзи чегараси бекор қилинмаганида ёки оширилмаганида, 5 июндан бошлаб АҚШ Ғазначилиги ҳукумат фаолиятини молиялаштира олмай қолган бўларди.

Аввалроқ Жо Байден ва Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти давлат қарзи чегарасини яна икки йилга ошириш бўйича принципиал келишувга эришганди. 1 июнь куни қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси томонидан, 2 июнь куни эса Сенат томонидан маъқулланган. Қонун 2025 йилнинг 1 январигача федерал ҳукуматга қўйилган чегарадан кўпроқ қарз олишга имкон беради.

Қўшма Штатларда давлат қарзининг умумий миқдори бўйича қонун билан белгиланган чегара мавжуд, яъни қарзнинг максимал чегараси. Бу федерал ҳукумат ўз молиявий мажбуриятларини бажариш учун қарз олишга рухсат этилган максимал миқдордир.

Бу мажбуриятларга ижтимоий ҳимоя дастурларини молиялаштириш, давлат қарзи бўйича фоизлар ва ҳарбийларнинг маошлари киради. Ҳукумат солиқ йиғимларидан кўра кўпроқ пул сарфлагани сабабли ҳисоб-китобларни тўлаш учун қарз олишга мажбур бўлади.

Январь ойида АҚШ қарзи максимал чегарасига етган, шундан сўнг Молия вазирлиги молиявий операцияларни давом эттириш учун фавқулодда чораларни қўллашга мажбур бўлганди.

Бир неча ой давомида республикачилар ва демократлар миллий қарз лимитини ошириш борасида келиша олмаган. Ҳозирда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасини назорат қилаётган республикачилар ҳукуматни келгуси йилларда харажатларни қисқартиришга чақирди. Демократлар баъзи солиқларни ошириш билан жавоб берган.

АҚШ қарзи анъанавий равишда энг ишончлиларидан бири ҳисобланади ва дунёдаги асосий захира активи ҳисобланади — жамғармаларнинг деярли 60 фоизи долларда сақланади. Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, АҚШ ҳукуматининг дефолти глобал рецессияга ва миллионлаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Эҳтимолий ёки муқаррар дефолтнинг сабаблари, потенциал оқибатлари ва АҚШ ҳукумати ихтиёридаги фавқулодда чоралар тўғрисида «Газета.uz» шарҳини ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин.