АҚШ президенти Жо Байден ва Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти федерал ҳукуматнинг 31,4 триллион доллардан ошиб кетган чегарасини яна икки йилга ошириш бўйича принципиал келишувга эришди, деб хабар бермоқда CNN.

«Бу ишловчи фуқаролар учун муҳим дастурларни ҳимоя қилиш ва барча учун иқтисодиётни ривожлантириш билан бирга харажатларни камайтириш учун муҳим қадам ҳисобланади», — деди Байден.

Унинг таъкидлашича, келишув муросага олиб келади ва «ҳалокатли дефолтга айланиши ва иқтисодий таназзул, пенсия ҳисобварақларининг бўшаб қолиши ва миллионлаб иш ўринлари йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олади»

CNN маълумотларига кўра, музокарачилар мудофаадан ташқари харажатларни йил давомида 2023 йил даражасида чеклашга ва 2025 йилда уни 1 фоизга оширишга келишиб олди.

Энди келишув Конгресснинг ҳар икки палатасида 5 июнгача тасдиқланиши керак, шу санадан кейин Молия вазирлиги ўз қарз мажбуриятларини бажара олмайди. Агар келишув маъқулланса, АҚШ мамлакат тарихида ҳеч қачон бўлмаган дефолтдан қочиб қутула олади.

Қўшма Штатларда давлат қарзининг умумий миқдори бўйича қонун билан белгиланган чегара мавжуд, яъни қарзнинг максимал чегараси. Бу федерал ҳукумат ўз молиявий мажбуриятларини бажариш учун қарз олишга рухсат этилган максимал миқдордир.

Бу мажбуриятларга ижтимоий ҳимоя дастурларини молиялаштириш, давлат қарзи бўйича фоизлар ва ҳарбийларнинг маошлари киради. Ҳукумат солиқ йиғимларидан кўра кўпроқ пул сарфлагани сабабли ҳисоб-китобларни тўлаш учун қарз олишга мажбур бўлади.

Январь ойида АҚШ қарзи максимал чегарасига етди, шундан сўнг Молия вазирлиги молиявий операцияларни давом эттириш учун фавқулодда чораларни қўллашга мажбур бўлди.

Бир неча ой давомида республикачилар ва демократлар миллий қарз лимитини ошириш борасида келиша олмади. Ҳозирда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасини назорат қилаётган республикачилар ҳукуматни келгуси йилларда харажатларни қисқартиришга чақирди. Демократлар баъзи солиқларни ошириш билан жавоб берди.
АҚШ қарзи анъанавий равишда энг ишончлиларидан бири ҳисобланади ва дунёдаги асосий захира активи ҳисобланади — жамғармаларнинг деярли 60 фоизи долларда сақланади. Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, АҚШ ҳукуматининг дефолти глобал рецессияга ва миллионлаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Бу ерда эҳтимолий ёки муқаррар дефолтнинг сабаблари, потенциал оқибатлари ва АҚШ ҳукумати ихтиёридаги фавқулодда чоралар тўғрисида «Газета.uz» шарҳини ўқиш мумкин.