АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси дефолтга йўл қўймаслик учун давлат қарзига қўйилган юқори чегарани ошириш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Конгрессменларнинг 314 нафари қонун лойиҳасини маъқуллаб овоз берган, 117 киши эса бунга қарши чиққан. Президент Жо Байден келишув Америка халқи ва иқтисодиёти учун яхши янгилик бўлганини таъкидлаган.

«Мен Сенатдан ҳужжатни имзолашим учун уни имкон қадар тезроқ қабул қилишни сўрайман», — деган АҚШ раҳбари.

Қонун 2025 йилнинг 1 январигача федерал ҳукуматга қўйилган чегарадан кўпроқ қарз олишга имкон беради. АҚШ ўз тарихидаги биринчи дефолтга учрамаслиги учун Сенат бу қарорни 5 июнгача тасдиқлаши керак. Шу санадан кейин Молия вазирлиги ўз қарз мажбуриятларини бажара олмайди.

Қўшма Штатларда давлат қарзининг умумий миқдори бўйича қонун билан белгиланган чегара мавжуд, яъни қарзнинг максимал чегараси. Бу федерал ҳукумат ўз молиявий мажбуриятларини бажариш учун қарз олишга рухсат этилган максимал миқдордир.

Бу мажбуриятларга ижтимоий ҳимоя дастурларини молиялаштириш, давлат қарзи бўйича фоизлар ва ҳарбийларнинг маошлари киради. Ҳукумат солиқ йиғимларидан кўра кўпроқ пул сарфлагани сабабли ҳисоб-китобларни тўлаш учун қарз олишга мажбур бўлади.

Январь ойида АҚШ қарзи максимал чегарасига етган, шундан сўнг Молия вазирлиги молиявий операцияларни давом эттириш учун фавқулодда чораларни қўллашга мажбур бўлганди.

Бир неча ой давомида республикачилар ва демократлар миллий қарз лимитини ошириш борасида келиша олмади. Ҳозирда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасини назорат қилаётган республикачилар ҳукуматни келгуси йилларда харажатларни қисқартиришга чақирди. Демократлар баъзи солиқларни ошириш билан жавоб берди.

АҚШ қарзи анъанавий равишда энг ишончлиларидан бири ҳисобланади ва дунёдаги асосий захира активи ҳисобланади — жамғармаларнинг деярли 60 фоизи долларда сақланади. Иқтисодчиларнинг огоҳлантиришича, АҚШ ҳукуматининг дефолти глобал рецессияга ва миллионлаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Жо Байден ва Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти давлат қарзи чегарасини яна икки йилга ошириш бўйича принципиал келишувга эришгани хабар қилинганди.

Эҳтимолий ёки муқаррар дефолтнинг сабаблари, потенциал оқибатлари ва АҚШ ҳукумати ихтиёридаги фавқулодда чоралар тўғрисида «Газета.uz» шарҳини ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин.

Шу куннинг ўзида АҚШ сенати ҳам қонунни маъқуллади. Сенаторларнинг 63 нафари қонун қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган бўлса, 36 нафари бунга қарши чиққан.