Дунёнинг энг йирик ва қудратли иқтисодиёти юз тутиши кутилаётган эҳтимолий дефолт глобал бозорларда нотинчликларни келтириб чиқармоқда. Мутахассисларга кўра, АҚШ иқтисодиёти ва молия тизимининг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни ҳисобга олинса, дефолт оқибатлари ниҳоятда оғир бўлиб, глобал иқтисодиётни издан чиқариши мумкин.

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен дефолтнинг тахминий санасини 1 июнь деб эълон қилганидан сўнг, бу борадаги муҳокамалар, жумладан, бутунжаҳон ОАВларида янада қизғин тус олди. Қуйида АҚШдаги эҳтимолий ёки муқаррар дефолт, унинг сабаб ва потенциал оқибатларига доир «Газета.uz» шарҳини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

АҚШдаги эҳтимолий ёки муқаррар дефолт: сабаблари ва амалдаги вазият

АҚШда Республикачилар ва Демократлар давлат қарзи чегарасини ошириш устида бораётган музокараларда консенсусга эришмаган тақдирда, мамлакат ўзининг замонавий тарихидаги биринчи суверен дефолтга юз тутиши мумкин. Дефолт ҳолати ижро ҳокимиятининг ўз мажбуриятларини сўндира олмаслиги, хусусан, давлат қарзларини молиялаштира олмаслигини англатади.

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Конгрессни давлат қарзи чегарасини ошириш ёки уни тўхтатиб туриш бўйича бир қарорга келишга чақириб, акс ҳолда 1 июнга келиб ҳукумат мажбуриятларини ўташ учун АҚШ ғазначилиги ихтиёрида маблағ, хусусан, нақд пуллар тугашидан огоҳлантирди. Айни пайтда бюджет харажатлари солиқ тушумлари ва ғазначилик балансидаги қолдиқ маблағлар ҳисобига қоплаб келинмоқда — мазкур қолдиқ апрель ойи охирида 316 млрд долларни ташкил этган. Бироқ, давлат қарзи чегараси оширилмаса, амалдаги ҳукумат қонунан қарз олиш имкониятига эга бўлмайди ва бюджетдаги пуллар тугаши мумкин.

Давлат қарзи чегараси ижро ҳокимиятини чексиз миқдорда қарз олишдан тийиб туриш мақсадида Конгресс томонидан 1917 йилдан бери ўрнатилиб келинади. Ушбу чегара Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги даврда жами 102 марта оширилган. Илк марта 11,5 млрд доллар этиб белгиланган мазкур чегара бугунги кунда 31,4 трлн долларга етган. 2023 йилнинг январь ойидаёқ мамлакат қарзи ҳажми мазкур чегарагани забт этиб улгурган.

Ҳукумат қарз маблағларини махсус қимматли қоғозлар — жисмоний шахслар, корпорациялар, инвестиция фондлари ва хорижий давлатлар (булар орасида энг йирик эгалари Япония ва Хитой) томонидан сотиб олинадиган ғазначилик облигацияларини муомалага чиқариш орқали жалб қилади. Облигацияларнинг асосий қисмига Америка регулятори — АҚШ Федерал захира тизими (FRS) эгалик қилади. АҚШ дунёдаги энг қудратли иқтисодиёт ҳисобланганлигидан унинг қимматли қоғозлари ниҳоятда ишончли, шунинг учун облигацияларга талаб ҳамиша юқори бўлиб келган.

АҚШ ҳукумати қарз маблағларини аксарият ҳолларда бюджет тақчиллигини қоплаш учун жалб қилади. Ҳукумат 20 йилдан ортиқ вақтдан бери солиқ ва йиғимлардан келиб тушган бюджет тушумларидан кўра кўпроқ маблағ сарфлаб келмоқда. Бу иккита нарсани англатади: биринчидан, давлат қарзи йилдан-йилга ўсиб боради, ўз навбатида, унга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам. Иккинчидан, ҳукумат қарз маблағларини жалб қилмаса, ўз мажбуриятларини ўз вақтида сўндириш лаёқатини йўқотади.

АҚШда бюджет профицити охирги марта 2001 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда давлат қарзи 5,807 трлн долларни ташкил қилган эди. Давлат қарзининг кейинги ўсишига асосан иқтисодиётга катта миқдордаги маблағларни киритишни талаб қиладиган инқирозлар сабаб бўлди. Хусусан, 2008−2009 йиллардаги жаҳон молиявий инқирози туфайли давлат қарзи ҳажми 30 фоиздан ортиқ, 2020 йилда юзага келган ковид инқирози ортидан эса 19 фоизга ошган.

Номинал жиҳатдан АҚШ дунёдаги энг катта давлат қарзига эга. Бироқ, давлат қарзининг ЯИМга нисбатини оладиган бўлсак, вазият у даражада кескин эмас: бу мамлакат ЯИМининг 123,4 фоизини ташкил этади. Масалан, Япониянинг давлат қарзи ЯИМнинг 256 фоизини ташкил қилади. Шундай қилиб, давлат қарзи номинал жиҳатдан қўрқинчли кўринса-да, бироқ АҚШ иқтисодиёти ҳажмига нисбатан унчалик катта эмас. Қолаверса, унинг ҳаммасини бир вақтнинг ўзида тўлаш шарт эмас. АҚШ давлат қарзи фақат сўнгги 20 йилликка келибгина ўсиб бораётгани ҳам муҳим — бироқ урушлар ва иқтисодий инқирозлар келтириб чиқарган бундай даврлардан сўнг, тарихан, одатда, унинг пасайиш даврлари кузатилган.

Ҳозирда давлат қарзи чегарасини ошириш орқали Конгресс мамлакатни инқироздан сақлаб қолиши мумкин. Бунинг эвазига ҳукумат яна қарз олиши имкониятига эга бўлади. Чегарани ошириш бўйича кечаётган музокаралар ҳозирча ҳеч қандай натижага олиб келмади. Қарз чегарасини 1,5 трлн долларга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 26 апрелда маъқулланганига қарамай, Конгрессда кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар амалдаги ҳукуматдан давлат харажатларини кескин қисқартиришни (йилига 4,8 трлн долларга) ва уларнинг ўсиш суръатларини йилига 1 фоизгача чеклашни талаб қилмоқда. Президент Жо Байден бошчилигидаги демократлар эса қарз чегарасини ҳеч қандай шартларсиз ошириш истагида, бироқ улар буни республикачиларнинг розилигисиз амалга ошира олмайди.

Сўнгги йилларда давлат қарзи чегарасини ошириш масаласи тобора сиёсий тус олиб, мухолифат ўз мақсадларига эришишни истаган пайтда сиёсий олди-берди предметига айланиб бормоқда. Айниқса, ҳукуматни тепасидаги Демократлар Конгрессда мутлақ кўпчиликни ташкил этмаслиги бу борада қарор қабул қилишни янада қийинлаштирмоқда. Айни пайтда Демократлар президент Жо Байденни Республикачиларни четлаб ўтиб, мамлакат конституциясига 14-ўзгартиришни киритиш орқали дефолтнинг олдини олишга чақирмоқда.

Дефолтнинг потенциал оқибатлари

АҚШ иқтисодиётининг катталиги ва долларнинг асосий захира валютаси сифатидаги мақоми ҳисобга олинса, дефолт глобал инқирозни келтириб чиқариши мумкин. Дарҳақиқат, халқаро молия тизими АҚШ иқтисодиётининг енгилмаслигига бўлган ишончга асосланади: жаҳон захираларининг деярли 60 фоизи долларда сақланади.

Дефолт юзага келган тақдирда, мутахассислар фонд бозорларининг қулаши ва глобал иқтисодиёт бўйлаб хаос вужудга келишини прогноз қилишмоқда. Доллар ва АҚШ қимматли қоғозлари инвесторлар ишончини йўқотади, бу эса биржа индексларининг қулашига олиб келади. АҚШдаги таназзул занжир бўйлаб бошқа муаммоли мамлакатларда қарз инқирози, хомашё нархининг пасайиши, фоиз ставкаларининг кўтарилиши, кредитларнинг қимматлашуви ва натижада бутун жаҳон иқтисодиётининг секинлашишига олиб келади.

Дефолт хавфининг ўзи бозорларда нотинчликни келтириб чиқариши мумкин. Агар ноаниқлик жуда узоқ давом этса, таҳдидлар кескин ошади. Брукингс институти таҳлилчилари Венди Эдельберг ҳамда Луиза Шейнер мазкур таҳдидни тавсифлар экан, «бу [бозордаги тебранишлар] қимматли қоғозлар нархининг тушиши, истеъмолчилар ва бизнес ишончининг йўқотилиши ва хусусий кредитлашнинг қисқаришини келтириб чиқариши эҳтимоли мавжуд», дея қайд этган.

«[Америка] дефолтга қанчалик яқинлашгани сари, ваҳима шунчалик кучаяди. Бозорлар тебранувчан бўлиб қолади, эҳтимол, фонд бозори қулайди, трежерис бозори (АҚШнинг давлат қимматли қоғозлар бозори) ҳам муаммоларга дуч келади. Бу яхши эмас», — дейди JP Morgan бош директори Жейми Димон Bloomberg TV эфирида.

Америка иқтисодиётининг ўзи, катта эҳтимол билан, бундай сценарийда турғунликдан қочиб қутула олмайди, бу бошқа мамлакатлар иқтисодиётига ҳам муқаррар равишда таъсир кўрсатади. Дастлабки зарба остида давлат харажатлари улуши катта бўлган тармоқлар (масалан, мудофаа саноати), шунингдек, суғурта компаниялари ва банклар қолади (уларнинг кўпчилиги дефолтсиз шароитда ҳам оғир вазиятга тушиб қолган).

Оқ уй дефолт ҳолатида 2023 йилнинг учинчи чорагида АҚШ ЯИМининг 6,1 фоизга қисқариши, ишсизликнинг 5 фоизга ўсиши ва фонд бозорининг 45 фоизга қулашини прогноз қилмоқда. Moodyʼs рейтинг агентлиги таҳлилчилари январь ойида дефолт 2008 йилги инқирозга ўхшаш макроиқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ ЯИМининг 4 фоизи йўқотилади, 6 млн киши ишсиз қолади. Bloomberg иқтисодчиларининг фикрича, потенциал дефолт 2008 йилги инқироздан ҳам жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фавқулодда чоралар

Таҳлилчилар дефолт эҳтимолини айни пайтда 1 фоиз (балки ундан ҳам кичикроқ)га баҳоламоқдалар — бироқ муддат қанчалик яқинлашгани сари, бу кўрсаткич шунчалик юқори бўлади. Қолаверса, Жанет Йеллен томонидан эълон қилинган муддатга қарамай, дефолт айнан 1 июнда содир бўлиши шарт эмас. АҚШ ҳукумати ҳали ҳам дефолтнинг олдини олиш ёки уни кечиктириш учун «фавқулодда чоралар»га эга. Йелленнинг сўзларига кўра, ушбу фавқулодда чораларнинг самараси июнь ойи бошида тугайди. Шу билан бирга, вазир дефолтнинг ҳақиқий санаси тахминий санадан бир неча кун ёки ҳатто ҳафталарга фарқ қилиши мумкинлигини эътироф этмоқда.

Шунга қарамай, «Газпромбанк» стратегиясини ишлаб чиқиш маркази раҳбари Егор Сусиннинг фикрича, Йеллен дефолт таҳдидини бўрттириб кўрсатмоқда ва АҚШ молия вазирлиги 1 июндан кейин ҳам бир муддат чидаб тура олади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, шу санага қадар вазирлик ихтиёрида камида 130−150 миллиард доллар қолиши лозим, бу эса июнь ойидаги бюджет тақчиллигини қоплаш учун етарли. Июнь ойи охирида фавқулодда чоралар эвазига Молия вазирлиги ихтиёрида яна 143 млрд маблағ бўлиши мумкин. Шулардан келиб чиқиб, Сусин Молия вазирлиги июль ойи охиригача бюджет харажатларини молиялаштиришда давом этиши мумкин, деб хулоса қилади.

Қайд этиш жоизки, дефолт юз берган тақдирда, у техник дефолт бўлади — бу мамлакатда пул мавжуд, шунчаки ундан фойдаланиш имкони мавжуд эмаслигини англатади. Америка давлат қарзининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқилса, АҚШнинг тўлақонли дефолт бўлиши эҳтимоли амалда жуда кичик: аслида, ҳатто мамлакатнинг ташқи қарзи ҳам ички қарздир, чунки ғазначилик облигациялари долларга сотиб олинади. Бундай қарзларни тўлаш осонроқ: муаммолар юзага келганда, ҳукумат керакли миқдордаги долларни босиб чиқариши ва улар воситасида кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиши мумкин. Бу АҚШда инфляциянинг кескин ўсишини келтириб чиқаради, бироқ тўлиқ миқёсдаги фалокатнинг олдини олади.

Бироқ, АҚШ расмийлари қарз чегарасини ошириш борасида келишувга эришгунга қадар ёки бошқа ечимдан фойдаланишга мажбур бўлмагунича, бозорларда тебранувчанлик (яъни молиявий активлар нархининг кескин ўзгариши) кучайиши кузатилиши мумкин: масалан, 2011 йилда, конгрессменларнинг муросага кела олмаганлиги фонида, S&P 500 индекси икки ҳафта ичида 17 фоизга тушиб кетган эди. Standard & Poors халқаро рейтинг агентлиги эса ўша вазиятда тарихда биринчи марта АҚШнинг узоқ муддатли кредит рейтингини АА+ даражасигача пасайтирган, яъни мамлакатнинг қарз мажбуриятларини баҳолашни «энг юқори»дан «юқори» сифат тоифасига ўзгартирган эди.

Катта эҳтимол билан, бу сафар ҳам давлат қарзи чегараси оширилади: потенциал дефолт ҳам АҚШ, ҳам бутун дунё учун жуда қимматга тушиши мумкин.