5 июнь куни асосан Қашқадарёда фаолият юритувчи Nasafnews.uz интернет-нашри ўз фаолиятини якунлаётганини эълон қилди. Шу билан бирга, нашр раҳбари ҳисобланмиш «Капитан Каримов» блоги муаллифи Умид Каримов ҳам ортиқ блогини юритмаслигини маълум қилди.

Бунинг ортидан яна икки нафар блогер Отабек Артиков ҳамда «AvtoblogUz» муаллифи Мақсуд Музаффаров фаолияти ниҳоясига етганини хабар қилди.

Мазкур ҳолатлар блогерлар билан яқин кунларда бўлиб ўтган воқеалар ортидан юз бераётган бўлиши мумкин. Хусусан, 29 май куни Умид Каримов ва Мақсуд Музаффаров МЖтКнинг турли моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, 5 суткага қамалганди.

Дастлаб ҳолат ҳақида қамалганлардан бири — автоблогер Мақсуд Музаффаров ўзининг Telegram-каналида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, Умид Каримовни ички ишлар ходимлари ИИБга олиб кириб кетган, бунга блогернинг ходим «тўхтаб турган машина»ни текшираётганига билдирган эътирози сабаб бўлган. Ўшанда уларни текширган ходим Шаҳрисабз ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлгани айтилганди.

Воқеалар ривожида мазкур ҳолатларни оммага очиқлаган автоблогер ҳам ушланиб, судга олиб кетилган, дея маълум қилганди Отабек Артиков.

«Газета.uz» блогерлар билан боғланиб, вазият юзасидан изоҳ олди.

«Фаолиятимни якунлашимда бўлиб ўтган воқеаларнинг алоқаси бор. Бир нарсага ачиндим, суд залига кирганимдан кейин судьядан бодикамерани кўришларини жуда кўп илтимос қилдим. Лекин у буни инобатга олмади. Судьяга ходимни урмаганим, сўкмаганим, ҳақорат қилмаганимни айтдим. Суд залида телевизор бор, бодикамерадаги видеоёзувларни қўйиб беришларини сўрадим, бироқ инобатга олишмади», — деди Умид Каримов.

«Адвокат сўраганимда ҳам жавоб бўлмади. Таниш юристга телефон қилиб, жараёнда ZOOM орқали иштирок этишини таъминлаб беришларини сўрадим. Афсуски, бирортаси қаноатлантирилмади. Бекорга 5 сутка бериб, чиқариб юборди. Фаолиятимни шунинг учун тугатмоқчиман», — деди блогер.

«Бизни қонун ҳимоя қилади, деб ўйлаган эканмиз…», — дея фикрларини якунлади Каримов. У келгуси режалари ҳақида ҳали чуқур ўйланиб кўрмаганини қўшимча қилди.

Автоблогер Мақсуд Музаффаров фаолиятини «ҳимоя йўқ»лиги сабаб давом эттирмаслигини таъкидлади.

«Ҳақиқат йўқлигини кўзим билан кўрдим. Фаолиятни давом эттиришим учун ҳимоя йўқ эканини кўрдим. Шу ишлар кўзимни очди», — деди у.

«Олий судгача боришни режа қилдим. Судда бодикамера олиб келтирилмади. Агар олиб келинса биз айбсиз эканимиз, ҳақорат қилмаганимиз ва бошқа нарсаларга ойдинлик киритилар эди. Адвокат билан таъминланмадик. Туҳматларни исботлашимга Худо куч-қувват берсин», — дея таъкидлади Мақсуд Музаффаров.

Отабек Артиков ҳам фаолиятини тугатишига блогерлар билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлганини айтди.

«Ёшлигимдан жуда ишкалчи бўлганман 10−15 суткалик жазоларни энди кўраётганим йўқ. Лекин ўша ишкаллар сабаб онам қўрқувдан соғлиғини йўқотди — 2 марта инсультни бошидан ўтказди. Бу „қама-қамалар“ авж олган бир вақтда мен онамни ҳаёти билан „риск“ [хавф-хатар] қила олмайман, ана Мақсуд Музаффаров мавзусида кўрдингиз, суд уларни важини тингламай ҳам 5 сутка бериб юборди. Эртага мени ҳам бундай нарсалардан ҳеч ким „страховка“ қилишга кафолат бермайди», — дейди Артиков

«Агар ман билан шундай ҳолат юз берганда онам буни кўтаролмасди, мен онамни қотилига айланишни истамайман. Буёғига оддий одамлар қаторида яшамоқчиман. Ҳозирча дам олмоқчиман эркин ва ҳадикларсиз ҳаётдан тўйиб-тўйиб нафас олмоқчиман. Кейинги ишлар ҳақида ҳали ўйламадим», — деди Отабек Артиков.

Бундан ташқари, 5 июнь куни Keshnews ва Yazdurdiyev Telegram-каналлари ҳам фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.