5 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда МСК аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари, Ўзбекистон президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари иштирок этди.

Мажлисда Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Махмудовани ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаевни Ўзбекистон президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотни ўтказиш масалалари муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Қарор билан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланиши қайд этилиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, «Янги Ўзбекистон», «Правда Востока», «Халқ сўзи», «Народное слово» каби Республика газеталарида ҳамда 24 номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.

Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Ташвиқотлар 7 июлгача давом этади. 8 ва 9 июль сукут куни ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, сайлов ўтказиладиган кунда ва унга бир кун қолганда ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.