3 июнь куни соат 12:30 атрофида Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида мактаб ўқувчиси каналга чўкиб кетди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар қилди.

Шаҳарнинг «Ишчилар» маҳалласида яшовчи 16 ёшли И.М. Жўн каналига чўмилиш учун борган. Сувга тушган пайтда каналдаги сув оқими кучлилиги туфайли ва йигит ўзини ўнглай олмагани сабабли каналдан чиқа олмай, оқиб кетган.

Ҳолат юзасидан соат 13:10 да вилоят ФВБга хабар келиб тушган. Бошқарма томонидан қидирув-қутқарув ишларига 3 нафар ғаввос-қутқарувчи жалб қилинган. Унинг жасади 4 июнь куни соат 10:00 атрофида сув тубидан топилган.

25 май куни Фарғона вилояти Қўштепа туманида мактаб битирувчиси Катта Фарғона каналида чўкиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Унинг жасади орадан 9 кун ўтиб топилган.