Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига Россияга нисбатан чекловларни четлаб ўтгани учун санкциялар киритмоқчи эмас. Бу ҳақда «РБК» 2 июнь куни «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» йиғилишида сўзга чиққан Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелнинг сўзларига таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ҳозирда четлаб ўтиш хавфини камайтириш учун 11-санкциялар пакетини муҳокама қилмоқда ва чоралар «Россия ҳарбий машинасини қўллаб-қувватловчиларга» мўлжалланган.

«Биз экстерриториаллик тамойилини қўлламаймиз ва, энг муҳими, биз бутун дунёдаги барча ҳамкорларимиз билан фақат мулоқот орқали ишламоқчимиз», — деган у.

Европа Кенгаши раҳбарининг қайд этишича, айнан шу мақсадда ЕИ томонидан санкциялар бўйича махсус вакил Дэвид О’Салливан тайинланган, у минтақа давлатлари вакиллари билан учрашади ва улар билан санкцияларга оид масалаларни муҳокама қилади. Хусусан, у «ҳамкорларни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермасликка ишонтиришга ҳаракат қилади, шунингдек, бу чекловлар уларга қандай таъсир қилишини ўрганади».

Саммитнинг қўшма баёнотида санкциялар мавзуси бир хатбоши билан ёритилган.

«Раҳбарлар барча томонларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш учун ўзаро савдо ва инвестиция механизмларини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, улар Европа Иттифоқининг санкция режимлари муҳитида яқиндан мулоқот қилиш муҳимлигини қайд этди», — дейилади баёнотда.

Учрашув иштирокчилари Афғонистондаги вазият ёмонлашаётганидан умумий хавотирда эканини билдирган ва у ерни хавфсиз, тинч, барқарор ва фаровон мамлакатга айлантириш тарафдори эканини тасдиқлаган. Улар халқаро ҳамжамиятни Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни фаоллаштиришга чақирган ва БМТнинг бу борадаги муҳим ролини принципиал равишда қайд этиб ўтган.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши раҳбари инклюзив ва вакиллик ҳукуматини яратиш муҳимлигини, шунингдек, барча афғон фуқароларининг, хусусан, аёллар, қизлар ва этник гуруҳларнинг асосий эркинликларини ҳамда инсоний ҳуқуқларини кенгайтириш ва ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

Томонлар, шунингдек, терроризм ва экстремизмга оммавий даъват қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб, интернет тармоғи орқали терроризм мафкураси ва тарғиботининг тарқалишига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш тарафдори эканини билдирган.

Иштирокчилар, шунингдек, Орол фожиасининг минтақавий хавфсизликка салбий таъсирини қайд этиб, муаммони бартараф этишнинг энг мақбул йўлларини топиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги ҳақида фикр билдирган.

Ўзбекистон томони навбатдаги «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» йиғилишини келаси йили Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда Евроиттифоқ талаблари бўйича стандартлаштириш лабораториялари ҳали яратилмаган бўлса-да, мамлакат GSP+ режимини узайтиришдан манфаатдор эканини билдирган. Шунингдек, у Транскаспий йўлагини ривожлантириш учун янада қулайроқ тарифлар зарурлигини таъкидлаган.

Апрель ойи охирида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ мамлакат ҳудудидан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш, хусусан, икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларнинг реэкспорти учун фойдаланилмаслигини таъминлаш учун қандай ҳаракатлар қилаётгани ҳақида гапириб берганди.