5 июнь куни соат 15:00 да Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича жиноят иши бўйича биринчи суд жараёни юзасидан 16 нафар маҳкумнинг апелляция шикоятлари, шунингдек, прокуратуранинг шартли ҳукм чиқарилган 4 нафар судланувчига нисбатан протестини кўриб чиқишни якунлаб, суд қарорини эълон қилади.

29 май куни суд музокараси ниҳоясига етган ва судья Аскар Бекманов бошчилигидаги ҳайъат ҳукм чиқариш учун маслаҳат хонасига йўл олганди.

Прокурор 4 нафар айбланувчининг шартли жазосини реал муддатларга алмаштириш, 13 нафар маҳкумнинг жазосини енгиллаштириш, улардан 8 нафарини эса озод қилишни сўради. Жумладан, прокуратура вакили суддан тўрт нафар айбланувчига нисбатан шартли жазо ва озодликни чеклаш тарзидаги жазони реал муддатларга алмаштиришни сўради.

Аввалроқ, 10 май куни бўлиб ўтган апелляция иши жараёнида эса судланувчилар ва адвокатлар жазони енгиллатишни, марҳум Шамшетовни эса оқлашни сўрашганди.

Суд давомидаги музокаралар билан батафсил қуйидаги ўхшаш хабарлар бўлими орқали танишишингиз, жараёнлардан жонли эфирларни эса «Газета.uz»нинг YouTube саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.